Камбағалнинг боласи ўқиб ойни олармиди ёхуд давлат мактабларида табақаланиш
Crime
−
19:54 1543 6 minutes
Давлат мактабларида таълим олиш бепул. Ҳеч бўлмаганда қонунчиликдаги асосий тамойил шундай. Аммо амалиётда айрим ота-оналар фарзандини айнан давлат мактабининг ўзида ўқитиш учун ҳар ой миллионлаб сўм тўлаяпти. Шу ерда табиий савол туғилади: Давлат мактабида таълимнинг қайси қисми бепул, қайси қисми эса пулли бўлиши керак?
Агар гап қўшимча таълим хизматлари ҳақида кетаётган бўлса, улар қандай ҳуқуқий асосда ташкил этилади? Ота-оналарга тижорий синфларни таклиф қилиш мумкинми? Умуман, давлат мактабида “пулли синф” ташкил этиш қонунийми? QALAMPIR.UZ мавзуни ўрганиб, ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.
“Бизнинг мактабда “пулли синф” ташкил қилинган. Лекин менинг болаларим ушбу синфга чиқмайди. Биринчи синфдан тўртинчи синфгача бўлган бошланғич синфлар учун ташкил қилинган. Бизга ҳам таклиф қилишди, хоҳловчилар учун экан.
Битта синфда 20 нафаргача бола бўлади. Унинг таркибида икки маҳал овқатланиш, узайтирилган гуруҳ ва дарсдан ташқари тўгараклар бор. Масалан, шахмат, бокс каби тўгараклар, математика ёки инглиз тилидан қўшимча машғулотлар ташкил қилинган”, дейди ота-онлардан бири.
Бир мактаб. Бир хил ёшдаги болалар. Бир хил дарслар. Аммо ота-оналарнинг тўлови ҳар хил.
Кимдир фарзандини давлат мактабида бепул ўқитади, яна кимдир шу мактабнинг ўзида таълим учун ҳар ой миллионлаб сўм тўлайди. Бунинг сабаби эса, ота-онанинг молиявий имконияти ёки таълим сифатига бўлган талаб билан изоҳланмоқда. Аммо шу ўринда яна бир қизиқ савол туғилади: пулли синфларда ўқимайдиган болаларга сифатли таълим берилмайдими?
“Иккита набирам “пулли синфда” ўқийди. Мен бунга қарши эмасман. Сабаби, ҳозир унчалик қиммат эмас, ойига бир миллион сўм атрофида бўлса керак. Ўқитувчилари яхши дарс беради. Болалар ҳам яхши ўқияпти. Савол-жавоблари ҳам яхши. Уйда дарс тайёрлаши ҳам анча яхшиланган. Менимча, бу яхши”, дейди биз сухбатлашган ота-оналардан яна бири.
Ҳар ҳолда Конституциясининг 50-моддасида давлат бепул умумий ўрта таълим олишни кафолатлаши белгиланган. Демак, давлат мактабидаги таълимнинг сифати ота-онанинг қўшимча пул тўлаш ёки тўламаслигига боғлиқ бўлмаслиги керак.
“Пулли синфлар”ни очиш қонунийми?
2019 йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда умумий ўрта таълим муассасаларида пулли таълим хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланган. Ҳужжатга кўра, қўшимча таълим беришга қаратилган пулли таълим хизматларидан фойдаланиш ихтиёрий.
У мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган, яъни давлат таълим стандартларидан ташқари машғулотларни ўз ичига олади. Хизмат мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади.
Унинг нархлари мактаб кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда, директор томонидан тасдиқланади. Директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларнинг мажбурий тартибда пулли таълим хизматларига жалб этилишига йўл қўйилмайди.
Бироқ мазкур тартиб кучга кирганига қарамай, давлат мактабларида пулли таълим хизматларини ташкил этиш масаласида ота-оналар ва мактаб раҳбариятлари ўртасида ҳамон тушунмовчиликлар мавжуд.
Пулли синфлар ташкил этилгани ҳақида мурожаат қилган ота-оналар ортидан мактабларга борганимизда эса директорлар бошқача изоҳ берди. Уларнинг айтишича, мактабларда “пулли синфлар” мавжуд эмас, балки айрим синфларда қўшимча таълим ташкил этилган.
“Пулли синф” билан “қўшимча таълим ташкил этилган синф”ни нима фарқи бор?
Амалдаги қонунчиликда “пулли синф” ёки “қўшимча таълим ташкил этилган синф” деган алоҳида тушунча назарда тутилмаган. Бу ерда гап ўқувчига дарсдан ташқари вақтда қўшимча таълим хизматини кўрсатиш ҳақида кетмоқда.
Аниқроқ тушунтирадиган бўлсам, масалан, бу йил мактабда 4 та синф очилди. Уларнинг 3 таси оддий тартибда, биттасида эса қўшимча таълим хизмати ташкил этилган. Директорларнинг таъкидлашича, бу синф ота-оналарнинг талаби асосида ва ихтиёрий равишда ташкил этилган.
Агар қўшимча таълим хизмати ота-оналар учун ихтиёрий бўлса, нега у фақат битта синфда ташкил этилган?
Бу борада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расмий муносабатини олиш учун сўров юборагнимизда, қуйидагича жавоб олдик.
“Ижтимоий тармоқларда “пулли синф” деб нотўғри талқин этилаётган ҳолатлар аслида давлат умум таълим мактабларида ўқувчиларга ўқув режа ва давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча билимлар бериш учун ташкил этиладиган таълим хизматидир. Ушбу мезон Ҳукуматнинг 2019 йил 22 апрелдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган тегишли низомда алоҳида қайд этилган. Мактабларда ташкил этиладиган қўшимча таълим хизматлари мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади. Пулли таълим хизматларидан топилган буджетдан ташқари маблағларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдори ўқитувчиларга ҳақ тўлашга, қолган қисми мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ва ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин. Энг муҳими, мактабларда ташкил этиладиган пуллик таълим хизматларига директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларни мажбурий тартибда жалб этилишига йўл қўйилмайди.
2026–2027 ўқув йилида 795 минг нафардан ортиқ бола 1-синфга қабул қилинди ва уларнинг барчаси ўқув режадаги фанлардан бепул ўқитилиши кафолатланади”, дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари.
Вазирликнинг жавобидан кўриниб турибдики, қўшимча таълим хизматлари ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги ва шартнома асосида кўрсатилиши мумкин. Ўқувчини бундай хизматга мажбурлаш эса мумкин эмас.
Аммо бизни қизиқтирган асосий саволга – нега ихтиёрий пулли хизмат айнан алоҳида синф шаклида ташкил этилаётгани ва ўқувчилар шу асосда синфларга ажратилаётгани масаласига – вазирлик жавобида аниқлик киритилмаган.
Бироқ, амалдаги низомда кўрсатилишича, ҳеч қандай пулли синф ҳам ёки пулли тўгаракли синф ҳам ташкил қилиш қонунан белгиланмаган. Ҳатто уни ота-оналарга ихтиёрий шаклда таклиф қилиб, алоҳида бир синфга ажратиш ҳам мумкин эмас. Фақат дарсдан сўнг қўшимча таълим хизматларини ташкил қилиш, яъни мактабнинг асосий ўқув дастурига кирмайдиган, давлат таълим стандартларидан ташқари машғулотларни йўлга қўйиш қонуний.
Бу хизматлар шунчаки оғзаки келишув билан ташкил этилмайди. Низомга кўра, мактаб пуллик таълим хизматларини кўрсатиш бўйича йиллик режа ишлаб чиқади. Ушбу режа ҳар бир календарь йил бошланишидан олдин тайёрланиб, мактаб Кузатув кенгашига киритилади ва кенгаш томонидан кўриб чиқилиб тасдиқланади. Кейин эса йиллик режа вазирлик ёки мактабнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши керак.
Бироқ, директорларнинг “ота-оналар талаб қилди, шунинг учун битта синфда қўшимча таълим ташкил этдик” деган важлари етарли эмас. Бундай хизмат низомда белгиланган тартибда режалаштирилганми, Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланганми, расмий эълон қилинганми ва ота-оналар билан шартнома тузилганми? деган саволларга жавоб бериши керак.
Ота-оналар фикрига қулоқ тутганимизда, улар давлат мактабларида пулли синфлар ташкил этилишидан ташқари, фарзандларининг таълими учун бошқа харажатлари ҳам анча-мунча эканини таъкидламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, амалдаги қонунчиликда давлат мактабларида “пулли синф” ташкил этиш деган тушунча йўқ. Шунга қарамай, айрим мактабларда бундай синфлар “қўшимча таълим хизмати ташкил этилган синф” сифатида изоҳланмоқда.
Қонунчиликка кўра эса, қўшимча таълим хизмати ўқувчига дарсдан ташқари вақтда, ота-онанинг ихтиёрий розилиги ва шартнома асосида кўрсатилади. Яъни, бунинг учун алоҳида пулли синф ташкил этилиши белгиланган эмас.
Шу сабабли, агар бирор давлат мактабида “пулли синф” ташкил этилиб, унинг номи шунчаки “қўшимча таълим хизмати ташкил этилган синф” деб ўзгартирилаётган бўлса, бунга эътиборли бўлинг. Чунки давлат мактабларида бепул таълим олиш ҳуқуқи Конституция билан кафолатланган.
Live
All