Зеленскийни “каламушлар” тишлаяпти: Бош прокурор офисидан доллар тўла сейф чиқди

Review

Reklama
0:00

Зеленскийни “каламушлар” тишлаяпти

Украина беш йилдан ортиқ вақтдан бери уруш гирдобида. У Россия билан жангни давом эттирар экан, мамлакат ичида коррупция билан боғлиқ янги можаролар кучаймоқда. Ракета ва дронлар ҳужумига учраган ва учраётган шаҳар ҳамда қишлоқлар иқтисодиёти эса урушнинг оғир юкини кўтаришга мажбур. Шундай шароитда Украина раҳбари Владимир Зеленский Ғарб давлатларидан қурол ва миллиардлаб долларлик молиявий ёрдам сўраб, чора излаётган бир пайтда, мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари давлат маблағларини “таламоқда”. 

Тасаввур қилинг, бир томонда украиналик аскар фронтда турибди. У оиласи ва мамлакати учун курашяпти. Бошқа томонда эса давлат буджети турибди. Бу пулга қурол сотиб олиниши, ҳарбийлар таъминланиши, вайрон бўлган инфратузилма тикланиши, электр тармоқлари таъмирланиши керак. Давлат мансабдорлари эса ўша буджетни еб ётса… Ўзи шундоқ ҳам хавфли ўпқон ҳисобланган коррупциянинг оқибатлари уруш даврида янада оғирлашади. Ўғирланган ҳар бир миллион доллар фронтга етиб бормаган дрон, сотиб олинмаган зирҳ, таъмирланмаган электр тармоғи, ёрдам кутаётган оилага етиб бормаган маблағ ҳисобланади. Бу пулларнинг асл эгаси – фронт ва фронт ортида турганларга етиб бормаслиги эса уларнинг ўлимига рози бўлиш билан баробар.

“Жиғилдон”ли сейф

5 сентябрь куни Украинанинг Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратураси идорасида фирибгарлик билан боғлиқ қўнғироқ марказларига ҳомийлик қилиш бўйича тергов иши давомида сейф топилган. Прокуратура мазкур нақд пул солинган сейфнинг фотосуратини эълон қилди. Идоранинг Telegram-каналига жойланган мазкур суратда баландлиги тахминан бир метр бўлган, бир нечта токчалар ва пастки қисмида тортма билан жиҳозланган металл сейф кўринади. Ичкарида эски ва янги нусхадаги 100 долларлик банкноталар қатор қилиб жойлаштирилган. Тасвирга қараб хулоса қилинса, сейф нақд пул билан тахминан ярмигача тўлдирилган. Тергов версиясига кўра, пулларни йиққанлар фирибгар колл-марказларни ҳимоя қилиш эвазига мунтазам равишда пора олиб келган. Тушунганингиздек, гап оддий бир коррупция эпизоди ҳақида кетмаяпти. Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси (НАБУ) маълумотларига кўра, ноқонуний даромадлар кўчмас мулк, қимматбаҳо буюмлар ва бошқа активларни сотиб олиш орқали ювилган бўлиши мумкин. Терговчилар 20 миллион гривнадан ортиқ маблағ кўчмас мулк, заргарлик буюмлари ва бошқа қимматли нарсаларга сарфланганини, яна 10 миллион гривнага яқин маблағ эса бошқа шахсларнинг банк ҳисобларига жойлаштирилганини айтмоқда. Бундан ташқари, камида 12 миллион гривналик активлар ҳақиқий эгаларини яшириш мақсадида учинчи шахслар номига расмийлаштирилгани ҳақида ҳам маълумот берилган. Тергов доирасида 5 нафар гумонланувчи аниқланган. Энг эътиборли жиҳати эса – тергов Бош прокуратура раҳбариятигача етиб борган. Миллий бюро ходимлари Бош прокурор Руслан Кравченконинг офисида ҳам тинтув ўтказган ва Кравченко офисининг кибердепартаменти бошлиғи Сергей Крапивани қўлга олган. Кравченко ушбу жиноий схемада бевосита айбланган бўлмасада, унинг идораси тинтувларни тасдиқлаган, аммо прокурор колл-марказларни ҳимоя қилишга буйруқ бергани, ноқонуний пул олгани ёки ушбу даромаддан фойда кўргани ҳақида тўғридан-тўғри далиллар йўқлигини билдирган. Кравченконинг ўзи эса 6 сентябрь куни ўзининг жиноий ташкилотга алоқаси борлигини рад этди.

“Эълон қилинган суҳбатлар ва менинг улардаги иштирокимга келсак, ноқонуний колл-марказлардан маблағ олганим ва уларни легаллаштиришга алоқадорлигим ҳақидаги даъволарни қатъиян рад этаман.
Суҳбатлардан кўриниб турибдики, коррупцияга қарши курашувчи органларнинг менинг ноқонуний колл-марказлардан маблағ олиш ва уларни легаллаштиришга алоқадорлигим ҳақидаги аввалги баёнотлари ҳеч қандай тасдиққа эга эмас. Суҳбатлар шунчаки суҳбат, пул солинган сейфнинг сурати эса шунчаки пул солинган сейфнинг сурати, холос. Унинг на менга, на прокуратурага алоқаси бор. Адвокатларнинг таъкидлашича, бу бошқа жиноят иши доирасида олинган сурат”, деган у.

Бош прокурор тегишли органлар ёки жамоатчилик ўзининг шахсий даромадларини хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, сунъий ошириб олган деб ўйлаётган бўлса, қаттиқ адашаётганини айтган.

“Сафарларим ва оиламнинг маиший харажатларига келсак, барча харажатлар фақат амалдаги қонунчилик ва декларацияда кўрсатилган даромадларим доирасида амалга оширилган, ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўйилмаган.
АҚШ визасини олиш ва ноутбук харид қилиш масаласига келсак: визага оид ҳужжатларни рафиқам мустақил равишда тайёрлаган ва визани ҳам ўзи олган. Унда янги ноутбук йўқ!
Оиламиз ижара ҳуқуқи асосида яшаётган, майдони 280 квадрат метр бўлган уйга келсак: биз бу уйни ҳали қишда танлаган эдик, бироқ у айрим қўшимча ишлар ва жиҳозларни созлашни талаб қилган. Айнан шу контекстда усталарнинг ишлари, сигнализация ва маиший техника масалалари муҳокама қилинган. Уйга 2026 йил 1 майда кўчиб ўтганмиз. Доимий яшаш жойим қонунчиликка мувофиқ декларация қилинади.Менинг лавозимим мени текширувдан озод қилмайди. Аммо у айбловларни фактлар билан исботлаш талабини ҳам бекор қилмайди”, деган у.

Аммо, куни кеча 7 сентябрь куни Кравченко ўзининг Telegram-каналида сиёсий қарама-қаршиликлар сабабли истеъфога чиқиш тўғрисида ҳукуматга ариза берганини маълум қилди. 

“Бу сиёсий қарор. Ва мен уни онгли равишда қабул қилдим. Бош прокурор лавозимидан сиёсий қарама-қаршилик воситаси сифатида фойдаланилишини истамайман. Менга қўйилаётган айбловлар бўйича позициям ўзгаришсиз қолмоқда.
Ўз ишини ҳалол бажараётган ҳамкасбларимга миннатдорлик билдираман. Судларда айбловни қўллаб-қувватлаётган, жабрланганлар билан ишлаётган, Россия жиноятларини ҳужжатлаштираётган ва давлат манфаатларини ҳимоя қилаётган барчага раҳмат. Сизларнинг меҳнатингиз ҳеч қандай ҳолатда қадрсизлантирилмаслиги керак”, деган у.

Кравченко Украина Президенти Владимир Зеленскийдан ўзининг истеъфо ҳақидаги аризасини қабул қилишини сўраган.

“Менга билдирган ишончи учун Украина Президенти ва Олий Радасига миннатдорлик билдираман ҳамда лавозимдан озод этиш ҳақидаги аризамни қабул қилишингизни сўрайман”, деб қўшимча қилган у.

Агар жиноятчиларни жазолаши керак бўлган тизимнинг ўзида мансабдорлар ноқонуний схемаларда гумон қилинса, давлатга ким ишонади, Зеленский кимга ишонади?

Ғарб Украинага ишонмаяпти(ми?)

Аслида прокуратура атрофидаги мазкур сўнгги можаро Украинадаги коррупция муаммоларининг фақат биттаси, холос. Коррупцияга қарши кураш миллий бюросининг (НАБУ) маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида идора ва Коррупцияга қарши махсус прокуратураси (САПО) 360 та янги тергов бошлаган. 107 та давлат амалдорига гумон эълон қилинган. 56 та иш бўйича 106 нафар айбланувчига нисбатан материаллар судга юборилган. 76 киши бўйича айблов ҳукмлари чиқарилган. Энг муҳими, бу ишлар оддий қуйи бўғиндаги ходимлар билан чекланмаган. НАБУ ҳисоботида собиқ Президент офиси раҳбари, унинг собиқ ўринбосари ва собиқ энергетика вазири каби юқори мартабали шахслар ҳам тилга олинган. Демак, масала биргина “пора олган амалдор” ҳақида эмас. Гап давлат тизимининг юқори қаватларигача кириб борган коррупция ўпқони ҳақида.

“Мидас” иши 

Украинадаги энг катта коррупция можароларидан бири сифатида тилга олинаётган ишлардан бири – “Мидас”. Бу иш Энергетика соҳасидаги коррупция ва миллионлаб доллар миқдоридаги ноқонуний маблағлар ҳақидаги гумонларни ўз ичига олади. 2026 йил февралида Украина коррупцияга қарши органлари собиқ энергетика вазири Герман Галушченкони пул ювиш ва ноқонуний тўловлар билан боғлиқ иш доирасида гумонланувчи сифатида кўрсатган. Иш Зеленскийнинг ички сиёсий доирасигача етиб борган. Европа ва халқаро экспертлар ҳам Украинадаги коррупция можаролари мамлакатнинг уруш олиб бориш қобилиятига зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Chatham House экспертлари Украинага 2026–2027 йилларда тахминан 60 миллиард доллар ташқи молиялаштириш зарур бўлиши мумкинлигини, коррупция можаролари эса Европа давлатларининг Киевга маблағ ажратиш борасидаги ишончига салбий таъсир қилиши мумкинлигини қайд этган. Бу ерда масаланинг энг оғриқли нуқтаси ҳам шу. Мамлакат ёрдам сўрайди, Ғарб бўлса – берганимиз қани? Ёҳуд берсак, ўзларинг ейсанларку деган важни қўяди. Ҳаттоки, сентябрь ойи бошида Украина парламенти халқаро молиявий ёрдам билан боғлиқ муҳим солиқ қонунини ҳам қабул қила олмади. Қонун 226 та овоз талаб қилган бўлсада, 194 депутат овоз берди. Агар қонун етарли овозни тўплаб, кучга кирса, Украинага йилига қарийб 10 миллиард гривна даромад келтириши ва ИМФ ҳамда Европа маблағларини жалб қилиш жараёнига ёрдам бериши мумкин эди.

Зеленский ёлғиз қолади(ми?)

Владимир Зеленский урушнинг энг оғир даврларидан бирида мамлакатни бошқараётган Президент. Унинг олдида бир вақтнинг ўзида бир нечта фронт турибди. Россияга қарши ҳарбий фронт, Ғарб билан дипломатик фронт, Иқтисодий фронт ва энди коррупцияга қарши ички фронт. Ўзи шундоқ ҳам таранг вазиятда турган, Россияга қарши курашаётган Украина Президенти атрофидагиларининг юқоридаги каламушликларидан бўлса керак, аллақачон уларни бирин-кетин тозалашга киришган. Август ойида Зеленский ўзига яқин мулозими – Президент девони раҳбари ўринбосари Ирина Мудрани, июль ойида Украинанинг Қирғизистон Республикасидаги элчиси Валерий Жовтенкони ва мамлакатнинг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валерий Евдокимовни, Бош вазир Юлия Свириденкони, Мудофаа вазири Михайло Федоровни лавозимидан озод этди. Аммо ҳали ҳамон Россияга кунига 1000 та дрон учиришга қурби етадиган, Wildberries логистика марказларини кулини кўкка совураётган Украина ичкаридан талатўп қилинмоқда. Зеленский Ғарбдан кутаётган ёрдамидан олдин ўзида борини эплаб олиши учун яна нечтасини ишдан олиши керак, ҳозирча бу савол бўлиб қолмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends