Ўзбекистон қандай бойияпти? Ўртача маош айтилганидекми? – “Соққали иш”

Review

Reklama
0:00

Ассалому алайкум, QALAMPIR.UZ'да янги рубрика – “Соққали дайжест”. Ушбу рукннинг мақсади, сиз азиз кузатувчиларимизни Ўзбекистонда ва дунёда юз берган сўнгги иқтисодий янгиликлар билан таништириш, давлат бюджети қаерга ва нима учун сарфланаётгани ҳақида маълумот бериш ва бу гал қайси амалдор пора билан қўлга тушгани каби сиз билишингиз зарур бўлган хабарлар билан таништиришдир.

Сизнинг маошингиз ўртачами?

Миллий статистика қўмитаси 25 июль куни Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн сўмдан ошгани ҳақида маълумот тақдим этди. Ташкилотнинг таъкидлашича, 2026 йил январь-июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 млн 091 минг 100 сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга ўсган.

Қўмита тақдим этган маълумотларга кўра, ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри 12 млн 013,9 минг сўм ўртача маош билан рейтингнинг биринчи ўрнини қайд этган. Тошкент шаҳридан кейин энг юқори маош Навоий вилоятида қайд этилган бўлиб, ўртача 8 миллиондан кўпроқни ташкил этади. Кейинги ўринларда Тошкент вилоятида 6 млн, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 5 млн сўмдан ортиқ эканлиги қайд этилган. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида 4 млн 864 минг 700 сўм ва Сурхондарё вилоятида 4 млн 937 минг 300 сўм ўртача маош тўланиши кўрсатилган.

Аммо сиз ҳам, биз ҳам билиб турибмизки, келтирилаётган рақамлар унча-мунча одам ҳавас қиладиган миқдор. Халқ қанча топяпти, уларнинг назарида ўртача ойлик иш ҳақи қанчалигини ўзимиздан тўқиб айтгимиз келмади. Худди шундай савол билан одамларнинг ўзига юзландик.

Кўриб турганингиздек, ҳатто Тошкентда одамларнинг аксарияти ойига 7 миллион топаётганига ўзлари ишонмайди. Ҳали ҳам бу пойтахтда, статистикага кўра, ойига 12 миллиондан ортиқ даромад топаётган одамларнинг фикри. Вилоятларда бу кўрсаткичлар бундан ҳам пастдир?

Бу каби статистикаларнинг реал вазиятдан йироқ бўлиши табиий ҳол. Негаки бир неча жуда юқори маош олувчилар ва минглаб паст ойлик даромадга эга шахсларнинг маошлари қўшилиб ўртачаси топилганда кўрсаткичлар сунъий кўтарилиб кетади.

Мана, масалан, “Фалон” номли ташкилотда Сардор, Алишер, Ғанишер 20 млндан маош олади, уларни қўлида ишлайдиган 12 ишчига эса атиги 4 млндан ойлик иш ҳақи тўланади. Қўлга калькуляторларни олиб, бир ҳисоблаб кўрсак, 3 та 20 млнлик маош ва 12 та 4 млнлик иш ҳақи, уларни қўшиб 15 га бўлсак, кўриб турибсизки, “Фалон” номли ташкилотда ўртача иш ҳақи 7 млн 200 минг сўм бўлиб чиқмоқда. Аммо юқорида 12 нафар ходим маошини 7 млнга чиқариш учун ҳар ой бошлиққа илтимоснома билан киради.

Шундай экан, статистикага ишониб хурсанд бўлишга ҳам, хафа бўлишга ҳам шошилманг. Бундан ташқари статистика ҳамма соҳани ҳам қамраб олмаган. Маълумотлар корхона ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган электрон ҳисоботларга асосланган, аммо кичик бизнес, микрофирма ва қишлоқ хўжалиги корхоналари тўлиқ қамраб олинмаган.

Барча соҳаларни қамраб олган статистика йил якунида чиқади, аммо унгача ҳам бўш қўл билан ўтириш ниятимиз йўқ. Каналимизда ҳам анча-мунча обуначи бор, ҳамма ҳар хил соҳада. Келинг, сиз ўзинггиз изоҳлар қисмида яшаётган ҳудудинггизда ўртача даромад қанча эканлигини ёзиб кетинг. Албатта, ҳар бир изоҳни ўқиб, насиб қилса кейинги видеода сиз берган кўрсатмалар орқали бизнинг наздимиздаги ўртача маошни қанча эканлигини ҳисоблаб тақдим этамиз.

Йилдан-йилга ўртача ойлик маош миқдори ошганига қарамай, Ўзбекистон ҳануз арзон ишчи кучига эга давлат сифатида қолмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида ўртача ойлик иш ҳақининг баландлиги бўйича 3-ўринда турибди. Бунга кўра, Қирғизистонда 51 888 қирғиз соми, яъни 7 млн 168 минг 435 сўм билан Ўзбекистонда жуда ошиб кетмаган, Қозоғистон эса 461 минг 486 тенге, яъни 11 млн 758 минг 278 сўмлик ўртача иш ҳақига эга.

Аммо шуни инобатга олиш керакки, ўртача маош нисбий тушунча. Халқаро миқёсда, Ўзбекистон ўртачадан юқори ойлик иш ҳақига эга давлатлар сирасига киритилган. Жорий йилнинг 1 июль куни Жаҳон банки томонидан эълон қилинган ойлик даромадларга кўра, давлатларнинг классификацияси асосида, бугун Ўзбекистонни “Upper middle”, яъни жон бошига ўртачадан юқорироқ даромад топувчи давлатлар сирасига киргизиш мумкин. Унга кўра, ўртача ойлик маош 100 доллар 175 цент ёки ундан кам бўлган давлатлар паст даромадли, 400 доллар 635 центгача бўлган мамлакатлар “Lower-middle”, яъни киши бошига ўртачадан паст маош тўланувчи давлатлар сирасига киритилади. Ўзбекистон, Қозоғистон ва ҳатто Хитой каби ойига 14 375 долларгача ўртача иш ҳақига эга давлатлар “Upper middle” синфига киритилган. Юқоридаги кўрсаткичдан кўпроқ ойлик даромадга эга давлатлар, жумладан АҚШ ва қатор Европа давлатлари юқори ҳақ тўланувчи ишчи кучига эга давлатлар сифатида эътироф этилга.

Нима ҳам дердик, маошлар ошаверсин, халқ бойиверсин.

Трамп яна бож жорий қилди

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг маълумот базаси шунчалар кучлики, қайсидир давлатга бож жорий этиш учун бир аср олдинги қонун ҳужжатларини топишга қодир. 2026 йил 19 августдан кучга кирувчи Канадага йўналтирилган янги божлар худди шундай сал кам бир асрдан буён қўлланилмаган «Tariff Act» ҳужжатининг 338-моддаси асосида жорий этилмоқда.

АҚШ ва Канада қўшни ва яқин ҳамкор эди, токи Дональд Трамп исмли шахс президентлик лавозимига келмагунча. 21 июль куни Трамп Канада маҳсулотларининг қарийб 20 миллиард долларлик қисмига 50 фоизлик янги бож жорий этишини эълон қилди. Оқ уй бу қарорни Канаданинг Америка автомобиллари, алкогол маҳсулотлари ва сут саноатига нисбатан «камситувчи сиёсати» билан изоҳлади. Шу тариқа, Трамп аввал суд томонидан бекор қилинган кенг кўламли тарифлардан сўнг бу сафар бошқа ҳуқуқий механизм орқали Оттавага иқтисодий босимни кучайтиришга уринмоқда.

"Reuters" нашрининг хабарига кўра, янги тарифлар 2026 йил 19 августдан кучга киради. Улар Канададан импорт қилинадиган қатор маҳсулотларни қамраб олади. Жумладан, вино ва бошқа алкогол маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, цемент, кийим-кечак ҳамда бошқа саноат ва истеъмол товарларига 50 фоизлик бож қўлланилади. Мазкур маҳсулотлар 2025 йилда АҚШ импорт қилган Канада маҳсулотларининг қарийб 20 миллиард долларлик қисмини ёки умумий импортнинг 5,2 фоизини ташкил этган.

Вашингтон бу сафар тарифларни 1930 йилда қабул қилинган «Tariff Act» ҳужжатининг 338-моддаси асосида жорий этмоқда. Мазкур норма АҚШга бошқа давлатларнинг камситувчи савдо сиёсатига жавобан қўшимча бож қўллаш ҳуқуқини беради. Қайд этилишича, 30-йиллардаги музокаралардан сўнг ушбу модда деярли бир аср давомида амалда қўлланилмаган ва Трамп маъмурияти уни илк бор ишга солмоқда. АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир янги божлар миллий хавфсизлик учун муҳим тармоқларни ҳимоя қилиш ҳамда савдо мувозанатини тиклашга хизмат қилишини билдирган.

Канада Бош вазири Марк Карни эса АҚШнинг қарорини АҚШ–Мексика–Канада эркин савдо битимига зид деб баҳолади. Унинг айтишича, Оттава ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун мавжуд халқаро механизмлардан фойдаланади ва Вашингтон билан музокараларни давом эттиради.

Аммо ҳали бу якун эмас. "Бож қироли" 24 июль куни Европа Иттифоқи ва Хитойни ўз ичига олган 60 та савдо ҳамкорининг товарларига 10% ва 12,5% миқдорида янги тарифларни жорий қилди. Бу галги баҳона нима дейсизми? Мамлакатларнинг мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилаётган товарларни ўз бозорларига кириб келишига етарли тўсиқ яратмаётгани экан.

“Қўшма Штатлар қарийб бир асрдан бери мажбурий меҳнат импортини тақиқлаб келмоқда ва уни қатъий амалга оширмоқда. Савдо шерикларимиз учун ҳам шундай қилиш вақти келди”, деди АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир ўз баёнотида.

1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 301-бўлимига биноан жорий этилган янги божлар маъмуриятга Олий суднинг қаршилигига қарамай, деярли барча АҚШ импортига тариф чегарасини сақлаб қолиш имконини беради. Тарифлар АҚШ импортининг қарийб 99 фоизини қамраб олиши айтилмоқда.

АҚШнинг қатор иттифоқчилари ва савдо ҳамкорлари, жумладан Австралия ва Бразилия, уларни асоссиз деб баҳолаб, бекор қилинишини талаб қилмоқда. Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам янги божлар учун асос йўқлигини билдирган. Канада эса мажбурий меҳнат маҳсулотларига қарши курашда етакчи давлатлардан бири эканини билдириб, ўзига нисбатан бундай чоралар қўлланмаслиги кераклигини маълум қилган.

Ким ҳам ўйлабди дейсиз. Инсон ҳуқуқлари масаласида эталон ҳисобланган Европа давлатларига ҳам "мажбурий меҳнат"ни рўкач қилиб бож қўлласа бўларкан.

Янги божлар давлатларнинг ўзаро муаммоси, менга алоқаси йўқ дейишга шошилманг. Бир давлатдан бошқа давлатга ишлаб чиқариш нархи ва логистика харажатларидан ташқари яна қандайдир қўшимча тўлов эвазига кирган бирор-бир товар ундан тайёрланадиган бошқа бир буюмнинг ҳам нархи ошишига олиб келади. Мисол учун, олдин килограмми 100 сўмдан чет элдан сотиб олинаётган пахтага 10% бож қўйилса ёки у 10% қимматлашса, табиийки, худди шу пахтадан тўқилган бирор кийим ҳам сизга 10% қимматроққа сотилади.

Олтин, туризм ва саноат

Яхши янгиликлардан яна бирини сизга илинай. Ўзбекистон иқтисодиёти бу йил кутилганидан ҳам тезроқ ўсиши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини аввалги 6,6 фоиздан бирданига 8,1 фоизга оширилганини эълон қилди. Агар бу прогноз амалга ошса, мамлакат сўнгги йиллардаги энг юқори иқтисодий ўсиш суръатларидан бирини қайд этади.

Хўш, бу ўзи нима дегани?

Ўтган йилнинг декабрь ойида қабул қилинган 2026 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасига кўра, мамлакатнинг ЯИМ йиллик ўсиш суръати 6,6 фоизга режалаштирилган эди. Инфляцияни эса 7 фоизгача тушириш мақсад қилиб қўйилган эди. Аммо буни қарангки, йилнинг ярмига етмасданоқ режалардан олдинлаб кетилди. Шу сабабли, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2027–2029 йиллар учун Фискал стратегияда бу прогнозни 8,1 фоизга, яъни 1,5 фоиз пунктга оширди.

Вазирлик тақдим этган янги ҳисоб-китобларга кўра, жаҳонда юз бераётган геосиёсий кескинликлар Ўзбекистон учун бир томондан фойдага ишлаяпти. Жаҳон бозорида олтин нархининг юқори даражада сақланиб қолаётганида АҚШ раҳбарининг ҳам ўрни катта, ҳар ҳолда. Бундан ташқари, туризм тикланиши, хизматлар экспортининг ортиши, саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фаолроқ фойдаланаётгани ҳамда сўм курси нисбатан барқарорлиги иқтисодий ўсишга қўшимча туртки бўлаётгани айтилмоқда.

Прогнозларга кўра, йил якунида Ўзбекистоннинг номинал ялпи ички маҳсулоти 2 квадриллион 183 триллион сўмга, яъни тахминан 180 миллиард долларга етади. Бу давлат бюджети қабул қилинган пайтдаги ҳисоб-китоблардан қарийб 207 триллион сўмга кўп дегани.

Ҳисоботдаги энг қизиқарли жиҳатлардан бири – иқтисодиётнинг қайси тармоқлари асосий ўсишни таъминлаётганидир.

Энг катта ҳиссани хизматлар соҳаси қўшиши кутилмоқда. Агар аввал бу йўналиш 14,5 фоизга ўсади деб баҳоланган бўлса, энди прогноз 16,6 фоизга кўтарилди. Бунга савдо, транспорт, банк-молия хизматлари ҳамда айниқса, туризм сабаб бўлмоқда.

Саноат ишлаб чиқариши бўйича прогноз ҳам яхшиланди. Энди ушбу тармоқ 6,4 эмас, 8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Қурилиш соҳаси бўйича кутилмалар ҳам ошган. Аввал 10 фоизлик ўсиш режалаштирилган бўлса, янги ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 12,4 фоизни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалиги эса нисбатан секинроқ ривожланаётган бўлса-да, прогноз 4,2 фоиздан 5 фоизгача кўтарилди. Яъни иқтисодиётнинг деярли барча йирик тармоқлари бўйича кутилаётган натижалар яхшиланган.

Вазирлик ички талабнинг юқори бўлишига бир нечта омил сабаб бўлишини айтмоқда.

Биринчидан, олтиндан ташқари экспорт ҳажми қарийб 20 фоизга ошиши кутилмоқда.

Иккинчидан, асосий капиталга йўналтирилаётган инвестициялар 12,9 фоизга кўпаяди.

Учинчидан эса хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан яна 10 фоиз атрофида юқори бўлиб қолиши прогноз қилинмоқда. Айнан шу уч омил иқтисодиётдаги ички талабни ушлаб турувчи асосий манба сифатида кўрилмоқда.

Янги фискал стратегияда айрим аниқ мақсадлар ҳам белгиланган.

Масалан, йил якунида мамлакатда 93 миллиард киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Шунинг 14 миллиард киловатт-соатдан зиёди, яъни ҳар олти киловатт-соат электрнинг қарийб биттаси қуёш ва шамол электр станцияларига тўғри келади.

Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми эса 510 минг донага етказилиши режалаштирилган.

Туризм соҳасида эса Ўзбекистон 16 миллион хорижий сайёҳни қабул қилиш ва туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Шу мақсадда йил давомида яна 483 та янги жойлаштириш объекти, жумладан 86 та меҳмонхона фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Бюджет ҳам шунга муносиб катталашмоқда. Иқтисодиёт тезроқ ўсиши кутилаётгани давлат бюджетига ҳам таъсир қилди.

Эндиликда консолидациялаштирилган бюджет даромадлари 515 триллион сўм эмас, балки деярли 590 триллион сўм бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу аввалги режадан қарийб 74 триллион сўм кўп.

Харажатлар ҳам оширилмоқда. Янги прогнозга кўра, давлат 638 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлайди. Бу пулларнинг асосий қисми ижтимоий дастурлар, инфратузилма ва йил давомида тасдиқланган стратегик лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Прогнозларга кўра, 2027 йилда иқтисодий ўсиш бироз секинлашиб, 6,9 фоизни ташкил этади. 2028 йилда у 7,1 фоизга, 2029 йилда эса 7,4 фоизгача кўтарилиши кутилмоқда. Яъни ҳукумат бир марталик сакраш эмас, балки узоқ муддатли юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишни мақсад қилган.

Шундай экан, сиёсатга ва иқтисодга бефарқ бўлманг. Сиз тўлаётган солиқлар қаерга кетяпти, халқаро иқтисодий майдонда нималар кечмоқда ёки нега бозорларда нархлар кўтарилмоқда – шу каби билишингиз зарур бўлган маълумотларни кузатиб бориш учун QALAMPIR.UZ'га аъзо бўлинг.


Author

Tags

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends