Ҳиндистонда 14 киши чақмоқ уриши оқибатида ҳалок бўлди

World

−

image

Ҳиндистоннинг Тамилнад штатида муссон мавсуми бошланганидан буён чақмоқ уриши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “ThePrint” нашри хабар берди.

Кеча, 26 октябрь куни штатнинг даромадлар вазири К.А. Сенготтайяннинг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг оилаларига 400 минг рупийдан товон пули берилган. У бир кун ичида ёмғир билан боғлиқ ҳодисалар оқибатида 35 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Қолган ўлим ҳолатлари сабаблари ҳудудий маъмурият томонидан ўрганилмоқда.

Кучли ёмғирлар туфайли Нилгири туманида содир бўлган 62 та кўчки оқибатлари бартараф этилган. Шунингдек, туманда автобус устига тош тушиши оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган, кондуктор эса суяк синиши билан жароҳатланган. Ҳайдовчининг оиласига ҳам 400 минг рупий товон пули ажратилган.

Ёмғирлар сабаб Нилгири, Кодайканал ва Еркауд каби тоғли ҳудудларга сайёҳларнинг кириши вақтинча тақиқланган. Маҳаллий аҳоли эса тегишли рухсатнома билан соат 06:00 дан 18:00 гача ҳаракатланиши мумкин.

Диндигул туманидаги Кодайканал ҳудудида ҳам ёмғирлар жиддий муаммоларни келтириб чиқарган. Мунжиккал-Добикана маҳалласида 20 дан ортиқ уйни сув босган. Аҳоли тун бўйи уй-жойи ва чорвасини асрашга мажбур бўлган. Ҳудудда 600–700 оила учун муҳим бўлган 30 йиллик кўприкда ҳам ёмғирлар сабаб ёриқлар пайдо бўлган.

Шу билан бирга, Нагapаттинам туманида 3,5 минг акр экин майдони сув остида қолган. Қўшни Тхени туманидаги Вайгай сув омборида эса сув сатҳи тўққиз ойдан кейин яна 50 футга етган. Омборнинг тўлиқ сиғими 71 футни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппинда давом этаётган кучли муссон ёмғирлари оқибатида юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends