COVID-19 масаласида ўтган ЖССТ конференциясида Ўзбекистон ўз муносабатини билдирди

Жамият

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан видеоконференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам сўзга чиққан.  

“Бюро директори Ханс Клюге бошчилигидаги ушбу конференцияда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлари иштирок этди. Унда ҳозирги эпидемиологик вазият, шунингдек, COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда экспериментал ва лицензияланган дори воситаларидан фойдаланиш масалалари асосий муҳокама мавзуси бўлди. 

Видеоконференция давомида қайд этилганидек, баъзи мамлакатларнинг COVID-19 қарши курашишдаги ижобий белгилари бу ҳали ғолиблик дегани эмас, балки коронавирус устидан самарали назоратни кучайтириш учун яхши имкониятдир. Айни пайт қўл қовуштириб ўтирадиган вақт эмас. Жамиятда барча ҳамжиҳатлик билан ушбу вирус тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатиш бўйича бир мушт бўлиб саъй-ҳаракатларни яна кучайтириши лозим бўлади”, дейилади хабарда.  
 

Йиғилишда ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге нутқ сўзлаган. Унинг айтишича, Европада ҳолат икки баробар ёмонлашган.   

“Европа минтақасидаги аксарият  мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Ушбу минтақада сўнгги 10 кун ичида қайд этилган коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони деярли икки марта ошди. Бу глобал миқёсда касалликка чалинишнинг тахминан 50 фоизи бизнинг минтақамизда содир бўлаётганини англатади. Афсуски, Европада вафот этганлар сони 84 мингдан кўпайди. Айни пайтда мамлакатлар беморларни самарали даволаш борасида ўзаро ҳамкорлик қилиши жуда муҳимдир. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқан ҳолда, ушбу конференцияда биз ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси томонидан COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда экспериментал дориларни қўллаш бўйича кўрсатма беришни муҳокама қилмоқдамиз”, дея таъкидлаган Бюро директори. 
 

Мазкур конференцияда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам фикр билдирган. Вазир Бюро билан ҳамкорлик коронавирусга қарши курашда қўл келаётганини айтиб ўтган. 

“Дарҳақиқат, бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 пандемиясига қарши курашда энг илғор ташкилот ҳисобланади. Ҳозир ушбу ташкилот бизга ҳам услубий, ҳам техник жиҳатдан, ҳам маслаҳатлашув борасида катта ёрдам бермоқда. Ўзбекистонда ЖССТнинг барча тавсиялари бажарилмоқда. Бундан ташқари, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси билан доимий ҳамкорлик, мунтазам равишда олиб борилаётган маслаҳатлашувлар бизга коронавирусга чалинган беморларни даволашда қўл келмоқда. Шунингдек, Россия Федерацияси, Германия, Франция, Исроил ва Туркия мутахассислари билан ҳам доимий алоқа ўрнатилиб, видеоконференция кўринишида эпидемиологик вазият ва беморларни даволаш бўйича маслаҳатлар ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилган”, дейди Шодмонов. 
 

Вазир, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекисонда коронавирус инфекциясига чалинган 1349 нафар бемор қайд этилганини, улардан 129 соғайганини таъкидлаган. Беморлар ЖССТ билан биргаликда ишлаб чиқилган протокол стандартлари асосида даволанмоқда. Бундан ташқари, ҳамкорликда улар учун учта тилда COVID-19 учун клиник қўлланма ишлаб чиқилди ва бугунги кунда нафақат тиббиёт ходимлари, балки кўплаб давлат идоралари вакиллари ҳам ушбу қўлланмадан эпидемияга қарши тадбирларни ўтказиш жараёнида фойдаланмоқда. Тиббиёт ходимлари даволаш масалалари бўйича, асосан, ЖССТ стандартлари ва тавсияларига таянмоқда. 
 

“Видеоконферецияда ҳар бир мамлакат ўз ҳолатини, вируснинг тарқалишини, кўрилаётган чораларни ва ижтимоий мақбулликни баҳолаб, энг мосини кўриши, шу билан бирга, ҳар бир инсонни касалликдан ҳимоялаш, хасталикни вақтида аниқлаш ҳамда даволаш учун ҳаракат қилиши керак. 
 

Маҳаллий аҳоли орасида коронавирус ҳақида тўлақонли тушунча шаклланиши учун ҳар бир минтақа ва мамлакатнинг тавсиялари, тажриба ва янгиланишлар алмашинуви учун биргаликда фаолият юритиш жуда муҳим. Дунёда турли хил шароитларда коронавирусга қарши кураш бўйича кенг қамровли чоралар режасани ишлаб чиқишни давлатлар бир-бирларидан ўрганишлари лозим. 
 

Тадбир якунида ЖССТ халқаро тадқиқотчилар билан COVID-19 ни даволашда энг самарали бўлган маълумотларни тўплаш бўйича иш олиб борилиши қайд этилди”, дея маълум қилинмоқда хабарда.  
 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ҳам 53 мамлакат қаторига мазкур нуфузли ташкилотга аъзо ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Шодмонов Ўзбекистон COVID-19

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made