Афғон ҳукумати ва “Толибон” яна келиша олмади

Олам

image

Аввалроқ, Афғонистон ҳукумати "Толибон" ҳаракати билан музокаралар олиб бориш учун 21 кишидан иборат гуруҳ тузгани ҳақида хабар берган эдик.

“Толибон” ҳаракати Aфғонистон ҳукумати томонидан тузилган делегация билан музокара олиб боришни рад этди. Уларнинг фикрига кўра, ушбу делегация таркибида АҚШ билан келишувда назарда тутилган шахслар мавжуд эмас.

"Биз музокараларни фақатгина келишувга кўра шакллантирилган делегация билан олиб борамиз”, дейилади “Толибон” томонидан эълон қилинган баёнотда.

AҚШнинг Aфғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзоднинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар толиблар билан музокаралар олиб бориш учун афғон делегациясининг ташкил этилишини ижобий эътироф этган.

Маълумотларга кўра, 31 март куни Aфғонистон ҳукумати соғлиғи, ёши ва коронавирусга бўлган заифлигини ҳисобга олиб “Толибон”нинг 100 нафар маҳбусини озод қилиш жараёнини бошлайди. “Толибон” ва маҳбусларнинг ўзлари энди бошқа жанг қилмасликларини маълум қилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 29 февраль куни АҚШ ва "Толибон" ўртасида тинчлик шартномаси тузилди. Сулҳга кўра, АҚШ 135 кун давомида ўз қўшинларининг аксарият қисмини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетади. Шу вақт ичида, томонлар "Толибон" ва Афғонистон ҳукумати ўртасида тинчлик музокаралари бўлишини келишиб олишди. Шунингдек, икки томон асирлар алмашинувини амалга оширишлари кераклиги белгилаб қўйилди.

Бироқ, сулҳдан бир неча кун ўтиб Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ушбу сулҳ шартларига амал қилмаслигини яъни "Толибон"га тегишли 5000 нафар асирларни озод қилмаслиги ҳақида маълум қилди. "Толибон" ҳам агар ушбу шарт бажарилмаса Афғонистон ҳукумати билан музокаралар ўтказмаслигини таъкидлади.

Жорий йилнинг 9 март куни Ашраф Ғани "Толибон" асирларини озод қилишга рози бўлди. Сўнгра афғонлараро музокараларга тайёргаликни бошлаб юборди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг