Дарахтларга “пойлоқчи” Ортиқхўжаев, 10 йилга “кесилган” Қодиров, Зеленскийнинг илк маоши ва куннинг муҳим хабарлари

Жамият

image

Ортиқхўжаев ва унинг ҳокимияти қонунни менсимайди...ми?

Бундан бир неча соат аввал Тошкент шаҳар ҳокимияти ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида кеча, 25 июнь куни пойтахтнинг Алишер Навоий шоҳ кўчаси, “Туркистон” санъат саройи олд қисмидаги дарахтлар ноқонуний равишда кесилаётгани билан боғлиқ хабарни эълон қилди.

Qalampir.uz мухбири ушбу хабарлар юзасидан журналистик суриштирув ўтказди. Мақолада таъкидланганидек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ОАВ аралашувидан хабар топиб, ҳибсланганларнинг яқинларига  интернетга хабар тарқатиш уларга фақат зарар келтиришини айтиб, огоҳлантирган. Орадан шунча вақт ўтишига қарамасдан, на Тошкент шаҳар ҳокимияти, на проркуратура, на ИИББ вазиятга ойдинлик киритди. Бир неча киши ҳамон Юнусобод ИИБда қолмоқда.  Мақолани батафсил ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.

Зеленскийнинг Президентликдаги биринчи маоши 5 млн сўмга ҳам етмади.

Украинанинг янги сайланган Президенти Владимир Зеленский давлат раҳбари сифатидаги биринчи маошини олди. Бу ҳақда "Фактор" Президент администрацияси Матбуот хизматига асосланиб, хабар берди.

Зеленскийнинг биринчи маоши 12 727,27 гривна ёки 4 174 544,56 сўмни ташкил этган. Шундан 2 481,82 гривна ёки 814 036,96 сўм солиқлар учун ушлаб қолинган.

Тезкор: Рашид Қодировга ҳукм ўқилди.

Бугун, 2019 йил 26 июнь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди, Юнусобод туман судининг биносида, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров ва бошқаларга оид (жами 13 нафар шахс) жиноят иши бўйича айблов ҳукми эълон қилинди.
Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашид Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, У. Суннатов 19 йилга, А. Мирзаев 15 йилга, У. Хуррамов 14 йилга, Ж. Файзиев 13 йилга, Л. Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Рашид Қодиров, М. Мирзаев, А. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, У. Хуррамов, Ю. Гаиповни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.

Машҳур заргар Алиев: “Погон таққан маҳлуқлар” “Жаслиқ”да мени қийноққа солди.

Айни кунларда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида судья М.Усмонов раислигида бизнесмен Аҳмад Алиевнинг иши бўйича апелляция эшитуви бўлиб ўтмоқда. Аҳмад Алиев 2013 йилда бир қатор моддалар билан 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

“Алиев заргари” компаниясининг раҳбари, таниқли заргар Аҳмад Алиев озодликдан маҳрум этилганига 7 йилдан ошди. Ҳимоя томони заргарнинг иши ёлғондан тўқиб чиқарилгани ва суд эшитуви давомида бунга етарлича далиллар келтирилишини билдирган.

“Бир неча йил “Жаслиқ”да ўтирдим. Олдимга адвокатларни қўйишмади, ёзган хатларим манзилига етиб бормади. Буларнинг барчаси қонуний ҳукуматга қарши ҳуқуқ-тартибот органларидаги юқори мартабали амалдорлар томонидан тайёрланган жиноий лойиҳани молиялаштиришдан бош тортганим сабаб содир бўлди. Бунинг устига уларнинг жирканч режаларини Президент ва бош вазирга айтишни ваъда қилгандим”, дейди Алиев суд залида.

 “Судда судьялар ва Бузруковнинг прокурори қатнашган эди ва у кунлик қийноқларга чидай олмай ёлғон кўрсатма берганини айтди. Бироқ суд унинг сўзларини инобатга олмади. Қолган 23 та модда бўйича ҳам худди шундай бўлди. 7,5 йил давомида погон таққан махлуқлар барча суд жараёнларига аралашди. Оиламга нисбатан тўғридан-тўғри таҳдид қилишди, жисмоний ва руҳий босим ўтказишди. Президент ёки бош вазир билан учрашишимга имкон беришмади. 2014 йилдагина барчасини ошкор қилиш имконияти туғилди.

Бунинг барчасига 50 варақ қоғоз сарфладим. Ўшандаям ёзганларим керакли одамларга етиб бормади. Бироқ кейинчалик менинг ёзганларим ҳуқуқ-тартибот органларидаги юқори мартабали амалдорларга нисбатан жиноят иши очилишида муҳим ролни ўйнади”, дейди Алиев.

Аҳмед Алиев — таниқли заргар ва тадбиркор, Ўзбекистон заргарлар ассоциацияси раиси, 1200 га яқин ходим ишлаган “Алиев заргари” компанияси эгаси эди.

Ака ўз укасининг хотини ва қизини пичоқлаб ўлдирди.

Жорий йилнинг 24 июнь куни Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида соат 23:00 ларда фуқаро А.А. (1961 й.т.) мерос қолган уйни сотишдан тушган 97 млн. сўм пул маблағини ўзаро тақсимлашда укаси билан ўзаро низога бориб қолган.

Низо оқибатида укасининг турмуш ўртоғи Г.М. (1964 й.т.) ҳамда унинг қизлари Х.А. (1987 й.т.) ва Г.А. (1994 й.т.)ларнинг таналарининг турли жойларига бир неча маротаба пичоқ урган. Оқибатда Г.М. ва унинг қизи Х.А.лар ҳодиса жойида вафот этганлар, ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида Г.А.нинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон тумани прокуратураси томонидан 24.06.2019 йилда А.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “ж” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 

Уруш хавфи ортмоқда: АҚШ Эронни бир зарб билан йўқ қилмоқчи.

Президент Дональд Трамп Эрон томонидан АҚШга ҳужум уюштириладиган бўлса, Форс кўрфазини бир зарб билан йўқ қилиб юборишини маълум қилди.

"Эроннинг бирорта америкаликка қиладиган ҳар қандай таҳдиди биз томонимиздан катта оғриқ билан қабул қилинади. Бу эса бир қанча ҳудудларнинг вайронагарчиликка юз тутишини англатади", деб ёзди Трамп Twitter'даги саҳифасида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг