Алмазбек Атамбоев ҳибсга олинди
Олам
−
10 Октябрь 2020
34374Бугун, 10 октябрь куни Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев қўлга олинди. У қароргоҳига бостириб кирган махсус кучлар томонидан ушланган.
Мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига кўра, собиқ давлат раҳбари Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштириш иши доирасида ҳибсга олинган.
Аввалроқ, Бишкекда намойиш вақтида Атамбоевга нисбатан суиқасд уюштирилган эди. У ўзи кетаётган автомобилига теккан ўқлар изини ҳам кўрсатишга улгурди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси