Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринганликда гумонланган шахс қўлга олинди

Олам

image

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга уринганликда гумонланиб, қидирувда бўлган фуқарони қўлга олди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.

“2024 йил 22 апрель куни Чуй вилоятидаги Панфилов туманининг Қайнди қишлоғида ўтказилган тадбирлар натижасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Қирғизистон Республикаси фуқароси Имомидин Тошов қўлга олинди, у зўравонлик йўли билан ҳокимиятни эгаллаб олишга уринганлиги учун қидирувда бўлган”, дейилади баёнотда.

Матбуот маркази хабарига кўра, гумонланувчи Қирғизистон ва Қозоғистоннинг “давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб” Олмаотадан Қора-Балта шаҳрига ўтмоқчи бўлганида қўлга олинган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг билдиришича, Тошов “Қирғизистон ҳудудида ҳокимиятни эгаллаб олиш билан бирга намойиш ўтказиш учун кучларни бирлаштириш мақсадида вақтинчалик штаб” ташкил этишни режалаштирган. Матбуот марказининг эслатишича, гумонланувчи аввалроқ ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга чақириқлари туфайли давлатлараро қидирувга берилган.

“Тошов қидирувда бўлган вақтида ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали аҳолини чалғитиб, фаол ёллаш ишларини олиб борган”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида “KG Group” қурилиш компанияси директори бўлган Тошовга нисбатан республика Жиноят кодексининг тижорат ёки бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган. Тошов видеобаёнот билан чиқиб, унда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларини 100 миллион сом (1,12 миллион доллар) ундиришда айблаган эди. Республиканинг турли вилоятларидан Имомидин Тошовнинг ўнлаб тарафдорлари ва фаол сафдошлари аниқланди ва қўлга олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Имомидин Тошов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг