Коронавирус қурбонлари 40 000 дан ошди
Олам
−
31 Март 2020
10417Бугун, 31 март куни дунёда COVID-19 касаллигидан вафот этганлар сони 40 минг нафардан ошиб кетти. Ҳозирда қурбонлар 40 636 нафарга етди. Бу ҳақда Американинг Жон Хопкинс университети маълумотида қайд этилган.
Қурбонлар сони бўйича дастлабки ўнталикдан Италия (12 428), Испания (8269), АҚШ (3415) Хитой (3309), Франция (3024), Эрон (2898), Буюк Британия (1789), Нидерландия (1039), Бельгия(705), Германия (682) жой олган.
Маълумот ўрнида, янги турдаги коронавирус 2019 йил декабрь ойи охирида аниқланди. Вирус Хитой марказидаги аҳоли энг зич жойлашган шаҳарлардан бири Уханда аниқланди. Жорий йилнинг март ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус тарқалишини пандемия деб тан олди. Коронавирус аниқланган давлатлар 178 тага етди.
Аввалроқ, дунёда коронавирус инфекцияси юқтириб олган инсонлар 800 000 дан ошиб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Коронавирус тарқалиши бўйича Ғарб давлатлари мутлақ етакчилик қиляпти.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 172 нафарга етди. Уларнинг 8 нафари касалликдан фориғ бўлди, 2 киши вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor