Коронавирус беморларининг тўрт нафари оғир ва бири ўта оғир аҳволда – Отабеков
Жамият
−
06 Апрель 2020
8070Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 4 нафари оғир ва 1 нафари ўта оғир аҳволда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.
“Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллигини юқтириб олганлар умумий сони 390 нафарни ташкил этди. Кейинги кунларда аниқланаётган беморларнинг барчаси касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келиниб, стационар шароитда алоҳидаланган фуқаролардир.
Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, бу ерда даволанаётган 80 беморнинг 22 нафарида пневмония аломатлари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти маълумотига кўра эса, бу ерда даволанаётган 67 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти”, деди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 390 нафарга етди. Уларнинг 30 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси