Қирғизистон Ҳукумати ўз вазифаларини бажаришда давом этаётганлигини эълон қилди

Олам

image

Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари мурожаат билан чиқиб, Ҳукумат ўз ваколатлари доирасида фаолиятини давом эттираётганини маълум қилди. 

“Биз, Қирғизистон Республикаси ҳукумати аъзолари, Қирғизистон Республикаси фуқароларига мамлакатдаги амалдаги қонунчиликка риоя этилиши тўғрисида мурожаат қиламиз. 

Қирғизистон Республикаси ҳукумати барча томонларни қонун устуворлигига риоя қилишга чақиради: 

•    Қирғизистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқароларнинг ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича узлуксиз ишлаши;
•    иқтисодий барқарорликни сақлаш ва барча иқтисодий субъектлар томонидан иқтисодий фаолиятни давом эттириш.

Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини суверен, демократик ва ҳуқуқий давлат сифатида сақлаш бизнинг устувор вазифаларимиздан биридир. 

Биз Қирғизистон халқи бизга ишониб топширилган жавобгарлигимизни ҳис этиб, ўзимизга юклатилган вазифалар ва ишларни бажаришда давом этамиз”, дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган.

Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24 фоиз), “Маконим Қирғизистон” (24 фоиз), “Қирғизистон” (8 фоиз) ва “Бутун Қирғизистон” (7 фоиз) партиялари.

Сайловнинг якуний натижаси 20 кун ичида эълон қилиниши керак эди. Аммо сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь куни эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор. 

Бугун, 6 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг