Баку Еревандан қасос олмоқчилигини очиқлади
Олам
−
05 Октябрь 2020
11549Озарбайжон ва Арманистон ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланганига бир ҳафтадан ошди. Бугун, 5 октябрь куни эрталаб Озарбайжон ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари радиолокацион тизимларининг техник воситалари Арманистоннинг Жермук, Гафан ва Берд вилоятларидаги дастлабки позициялардан Озарбайжонга қарата ракета учирилишини қайд этган. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
“Бир неча кун давомида бутун фронт бўйлаб жойлашиб олган душман аҳоли зич жойлашган Озарбайжон ҳудудларига ва фуқаролик инфратузилмасига қарши Арманистон ҳудудидан мунтазам равишда ракета зарбаларини бериб келмоқда”, дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, Арманистон Мудофаа вазирлиги Арманистон томонидан Озарбайжон ҳудудини ўққа тутиш фактини рад этмоқда.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон ракета ўчиришига қарши қасос олишини расман эълон қилган.
Маълумот учун, расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.