Зулм қурбони Айланнинг вафотига 5 йил тўлди
Олам
−
02 Сентябрь 2020
50805Ўртаер денгизи орқали Грецияга ўтиб кетмоқчи бўлган суриялик қочоқ оила ҳалокатга учрагани, оиланинг 3 яшар фарзанди Айланнинг жасади Туркиянинг Бодрум яқинидаги қирғоқдан топилганига беш йил тўлди. Ушбу воқеа 2015 йилнинг 2 сентябрь куни юз берганди.
Тўлқинлар жасадни қирғоққа олиб чиққан. Болакайнинг жонсиз танаси тасвирланган суратлар тарқалиб, бу машъум воқеа бутун дунё эътиборини тортган эди.
Ушбу сурат Айлан Курди каби Суриядаги урушдан қочган оилалар, бошқа мамлакат остонасига бош урган, аммо ёпиқ эшиклар ортида зор йиғлаб қолган болалар, зулм ва манфаатлар тўқнашуви қурбонлари ва Ўрта ер денгизидаги миграция инқирозининг рамзига айланди.
Бугун Туркиянинг Фенербурну соҳилида суриялик қочоқлар ва туркиялик фуқаролар тўпланиб, Айлан Курди ва бошқа юзлаб қочқинлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Унда Амстердамдан Туркияга концерт дастури билан келган таниқли пианиночи ва аранжировкачи Карсу Донмез ҳам иштирок этди.
ОАВга берган интервьюсида мусиқачи, боланинг ўлими ҳар қандай ота-она ҳаётидаги энг буюк драма эканини айтади. "Ҳеч бир бола бундай тақдирга лойиқ эмас", дейди Донмез.
“Суриялик оилалар яхшироқ ҳаёт умидида ўлимдан қочиб кетишди. Улар ўзлари учун эмас, балки болалари учун йўлга чиқишган. Суриялик боланинг фотосуратини кўрганимдан кейин бир неча кун ўзимга кела олмадим. Агар мен ҳеч бўлмаганда Айлан сингари боланинг ҳаётини ўзгартира олсам, чексиз бахтли бўламан”, дейди у.
Айлан Курдининг фожиавий ўлимидан 4 йил ўтиб, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ассамблеясининг 74-саммитига унинг суратини олиб чиққанди.
У қўлида Айланнинг суратини тутиб шундай деган эди:
“Сиз бу суратда кўриб турган болакай – Айланни дунё жуда тез унутди. Унутмангки, айни ҳол сизнинг ҳам бошингизга тушиши мумкин. Чунки, Айлан каби болалар битта эмас, минглаб, миллионлаб топилади. Биз эса бундай воқеаларга қарши чора-тадбирларни ҳозирданоқ олишимиз керак”
LiveБарчаси