“Зўр” телеканалида “Ҳовли” сериали намойиши тўхтатилди
Жамият
−
12 Март 2019
47472Ўзбекистондаги “Зўр” телеканалида анчадан буён тақдим этилаётган Туркиянинг “Ҳовли” сериали намойиши ўтган ҳафтадан эътиборан тўхтатилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, кўплаб томошабинларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган ушбу сериал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига асосан эфирдан олиб ташланган. Бунга ойдинлик киритиш мақсадида, QALAMPIR.UZ мухбири “Зўр” телеканали муҳарририяти билан боғланди.
Телеканал ходимаси Феруза Юсупованинг маълум қилишича, “Ҳовли” сериали айни пайтда ҳақиқатан ҳам намойиш этилмаяпти. Аммо бунга сабаб сериалнинг илк мавсуми ўз якунига етганлигидир ва телеканал ушбу сериалнинг кейинги мавсумини ҳам намойиш этиш ниятида. Муҳаррир QALAMPIR.UZ билан суҳбатда сериалнинг давоми қачондан бошлаб эфирга берилишига аниқлик киритмади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан телеканалга киритилган тақдиқномани ҳақидаги маълумотларни рад этди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча ҳафта аввал қўқонлик Элмурод Солиев ва “Зўр” телеканали бош муҳаррири ўртасидаги ёзиб олинган суҳбат ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Томошабиннинг “Ҳовли” сериали ҳақидаги фикрлари жамоатчилик ўртасида катта муҳокамаларни келтириб чиқарди. Шундан кейин, “Ҳовли” сериалининг намойиш вақти ўзгартирилиб, кечки соат 22:00 га кўчирилди. Бу орада эса “Пойтахт. Абдулҳамид” сериали намойиши буткул тўхтатилди.
Эслатиб ўтамиз, “Зўр” телеканали намойиш этилган “Севги изтироби” сериали ҳам 2018 йилнинг февраль ойида кўплаб танқидлардан сўнг эфирдан олиб ташланган эди. Ўшанда мазкур масала ҳукумат даражасида муҳокама қилинган. “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши Бош вазир Абдулла Арипов ушбу сериални қаттиқ танқид қилган эди.
Ўзбекистон мулкчилик шаклидан қатъи назар, яъни давлат ва нодавлат телеканалларнинг барчасида турк фильмлари ва сериаллари кенг намойиш этилмоқда. Бу борада етакчиликни “Зўр” ва “Севимли” телеканаллари эгаллаб турибди. Айни вақтда бу борадаги пешқадамлик “Севимли” телеканалида. Унда “Истанбуллик келин”, “Фазилат хоним ва қизлари”, “Сўйла, қора денгиз”, “Аёл” каби сериаллар намойиш этилмоқда.
LiveБарчаси