Зироат Мирзиёева “Меҳрли мактаб”га борди
Жамият
−
11 Май 2022
13760Бугун, 11 май куни Ўзбекистон Биринчи хоними - “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистондаги госпитал турдаги биринчи таълим муассасаси – “Меҳрли мактаб”га ташриф буюрди. Бу ҳақда Фонд Матбуот хизмати хабар берди.
Биринчи хоним мактабдаги шароитлар билан танишиб, педагог ва ота-оналарга далда сўзларини изҳор қилган, болажонлар билан дилдан суҳбатлашган.
Қайд этилишича, “Меҳрли мактаб”нинг вазифаси — узоқ вақт даволанаётган ҳамда оддий мактаб ёки боғчага бориш имконияти бўлмаган болаларнинг сифатли ва узлуксиз таълим олиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдир. Мактаб боланинг тўлақонли реабилитация бўлиши, мослашиши ва ижтимоийлашига, бу жараёнда ота-оналар ҳам қатнашишига хизмат қилмоқда.
Госпитал мактаб учун педагог ва психологлар танлов асосида танлаб олинган, улар госпитал педагогика бўйича махсус тренинглардан ўтган.
Болалардаги иммунитет танқислигини ҳисобга олиб, мактаб ўзига хос тиббий талабларга мувофиқ жиҳозланган, гипоаллерген материаллар билан таъминланган. Ўқув жараёнида фақатгина электрон дарсликлар ва ҳар бир ўқувчига алоҳида бириктирилган китоблардан фойдаланилмоқда.
Мактабда “Zamin Creative” ижод студияси ҳам очилган. Унда болалар мусиқа, тасвирий санъат ва медиадан сабоқ олмоқда. ИТ-лаборатория ва сенсорли хона ҳам бор.
Шу билан бирга, мактаб тўсиқсиз муҳит яратиш учун мослаштирилган ўқув дастурлари, госпитал педагогика соҳасида ўқитувчиларнинг малакасини ошириш модуллари ишлаб чиқиладиган ва яратиладиган методология маркази сифатида ҳам хизмат қилмоқда.
Зироат Мирзиёевага кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева ҳамроҳлик қилган.
LiveБарчаси