Зироат Мирзиёева атроф-муҳит ва экология масаласидаги давра суҳбатида иштирок этди

Жамият

image

Транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли ис-газлар, саноат чиқиндилари ва экотизимнинг бузилиши йилдан-йилга ҳавонинг ифлосланишига олиб келяпти. Оқибатда, онкологик, нафас респиратор ва юрак-қон томир касалликларининг кўлами ортиб бормоқда. 

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун, аввало ҳавонинг сифат мониторингини ўтказиш, яъни турли моддалардан ифлосланиш даражасини ўлчаш зарур. Ушбу таҳлил натижалари бўлганидагина ҳавонинг ифлосланиши ва бунинг инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтириш чораларини кўриш мумкин. 

Куни кеча БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси ва бошқалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ҳаво сифати, унинг мониторинги ҳамда ҳолатига оид маълумотлар очиқ-ошкоралиги масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этиб, ушбу масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

“Ҳавонинг ифлосланиши чегара билмайди. Бу барчамизга таъсир қилади ва биз ушбу муаммони ҳал қилиш учун кучларни – ҳукуматлар, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, бизнес ва саноат соҳасини бирлаштиришимиз керак. Ҳар бир инсон тоза ҳаводан нафас олишга ҳақлидир. Ҳозир, глобал соғлиқни сақлаш инқирозига дуч келган пайтимизда, бу айниқса муҳим”, дейди БМТ Атроф-муҳит дастурининг Европа минтақавий бюроси директори Бруно Поззи.

“Замин” фонди ҳамда UNEP кўмагида Гидрометеорология хизмати маркази томонидан “Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг мониторингини автоматлаштириш” лойиҳаси уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, 63 та кузатув пункти ягона таҳлилий марказга бирлаштирилди. Мониторинг натижалари monitoring.meteo.uz очиқ онлайн платформаси ва AirUz мобил иловасида эълон қилиб борилади. 

Иккинчи босқичда бутун республика бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш ва ҳаво мониторинги учун халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда мониторинг натижалари республикадаги Ягона геоинформацион маълумотлар базасига киритилиб, халқаро ахборот тизимларига интеграцияланади. 

Грант маблағлари асосида ўрнатиладиган ушбу станциялар тўлиқ ишга тушиши натижасида, ҳаво сифати мониторинги халқаро стандартларга мувофиқ ҳар соатда олиб борилади. Фуқаролар ўзи истиқомат қиладиган жойининг ҳавосини ифлосланганлик даражасини ва унинг сабабларини аниқ билиш имконига эга бўлади.  


Мақола муаллифи

Теглар

Зироат Мирзиёева

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг