Зироат Мирзиёева 60 ёшни қаршилади

Бу қизиқ

image

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг рафиқаси, биринчи хоним Зироатхон Маҳмудовна Мирзиёева бугун, 4 декабрь куни 60 ёшни қаршилади.

2016 йилдан бери Ўзбекистоннинг биринчи хоними сифатида кўплаб лойиҳаларга бошчилик қилиб келаётган Зироат Мирзиёева 1964 йил 4 декабрда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган.

Ёш Зироат Ҳошимова Тошкент ирригация ва мелиорация институтига ўқишга кирган ва у ерда бўлажак Президент, ўша пайтда университетнинг комсомол қўмитаси котиби сифатида ишлаб юрган Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Қизнинг қариндошлари уларнинг муносабатларига қарши бўлган, шунга қарамай, ёшлар турмуш қурган.

Зироат Мирзиёеванинг тўнғич қизи Саида онасининг талабалик даврида – 1984 йил 4 ноябрда дунёга келган. Унинг иккинчи қизи Шаҳноза эса 1986 йил 8 августда туғилган. Шу йили Зироат Мирзиёева Тошкент ирригация ва мелиорация институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. Унинг ўғли Миралишер Мирзиёев эса 2009 йилда туғилган.

Мирзиёева 2020 йилдан буён Ўзбекистонда қулай ва инклюзив муҳит яратиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш масалалари бўйича қатор хайрия лойиҳаларини амалга оширувчи “Замин” халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Зироат Мирзиёева раислигидаги фонд фаолиятини 5 минг аёлга ёрдам беришдан бошлади. Шунингдек, “Замин” фонди фаолиятининг устувор йўналиши атроф-муҳитни муҳофаза қилишдир. Биринчи хоним шунга доир кўплаб лойиҳаларга бош-қош бўлган.


 
Шунингдек, у Президентга хорижий ташрифларда ҳамроҳлик қилади. Унинг биринчи хоним сифатидаги илк хорижий ташрифи Хитойга бўлган. 

Бундан ташқари, унинг ўзи ҳам қизлари ҳамроҳлигида хорижий давлатларга ташриф буюради. Хусусан, ўтган йили ноябрь ойида у Туркия Республикаси Президентининг рафиқаси Эмина Эрдўған томонидан дунё биринчи хонимлари учун ташкил этилаётган "Фаластин учун ягона юрак" саммитида иштирок этди.

Ташрифда Зироат Мирзиёевага кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.

Ўша ойда Ўзбекистон биринчи хоними Қатарда бўлиб ўтган ХI Таълим бўйича халқаро инновацион саммитда қатнашди. Бу сафар унга тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.

Шу ўринда Зироат Мирзиёеванинг Тошкентда ўтган халқаро тадбирга мезбонлик қилганини ҳам эслаб ўтиш ўринли. 2023 йил 8-9 ноябрь кунлари Тошкент Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитига мезбонлик қилганди. Саммитда иштирок этиш учун келган давлат раҳбарларининг рафиқалари "Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши" халқаро форумида қатнашди.

Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева раислигидаги форумда Туркия Республикасининг биринчи хоними Эмина Эрдўған, Эрон Ислом Республикаси Президентининг рафиқаси  Жамила Аламолхода, Қирғиз Республикасининг биринчи хоними Ойгул Жапарова, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, ёш экофаоллар иштирок этган.

Жорий йилда ҳам Зироат Мирзиёеванинг халқаро тадбирлардаги фаолияти қизғин ўтмоқда. Хусусан, у ўтган ойда Президент Шавкат Мирзиёев билан бирга Бакуда ўтган COP29 доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитида иштирок этди. COP29 саммити доирасида Бакуда "Ёшларнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлардаги етакчилиги" мавзусида форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева, Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Туркия биринчи хоними Эмина Эрдўған, Қирғизистон биринчи хоними Ойгул Жапарова иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Венгрия, БМТ тузилмалари ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, мазкур мамлакатларнинг ёш экофаоллари қатнашди.

Оилавий ҳаёти ҳақида тўхталадиган бўлсак, Зироат Мирзиёева 3 фарзанднинг онаси ва 6 набиранинг меҳрибон бувижониси. Улар одатда сайловларда жамоатчиликка биргаликда кўриниш беради.

Бундан ташқари, Президент оиласи вакиллари баъзи-баъзида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида оилавий расмларни улашиб туради.

Масалан, 2022 йилда Шаҳноза Мирзиёева онаси норин тайёрлаётгани акс этган суратни эълон қилганди. Суратда Зироат Мирзиёевага унинг куёви Отабек Умаров ёрдам бераётгани акс этган. Ўшанда ижтимоий тармоқларда ушбу сурат трендга чиққан, норин асосий мавзуга айланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Зироат Мирзиёева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг