Журналист Жамол Қошиқчининг ваҳший қотиллигида айбланганларга ҳукм чиқарилди
Олам
−
07 Сентябрь 2020
12132Саудия Арабистони суди 2018 йил октябрь ойида Истанбулда ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчи иши бўйича якуний ҳукмни эълон қилди.
Қироллик Бош прокуратурасининг расмий вакилининг маълум қилишича, айбланган 8 кишининг беш нафарига 20 йил қамоқ жазоси тайинланган. Бир одам 10 ва яна икки нафари етти йилга қамалган.
Қошиқчининг ўлими
“The Washington Post” газетаси билан фаол ҳамкорлик қилиб келган саудиялик журналист Жамол Қошиқчи 2018 йилнинг 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кириб, қайтиб чиқмаган эди. Туркия прокуратурасига кўра, Қошиқчи шу куни дипломатик ваколатхонада бўғиб ўлдирилган ва унинг жасади бўлакларга бўлиниб, йўқ қилинган.
2018 йилнинг 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини хабар қилди. Халқаро ҳамжамият ушбу жиноятни қоралаб, Риёдни шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
Саудия Арабистони Бош прокурори 2018 йил 15 ноябрда терговнинг дастлабки натижаларини эълон қилди: қиролликнинг 11 фуқароси қотилликка алоқадорликда айбланиб, улардан беш нафари ўлим жазосига маҳкум этилди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.
Туркиядаги судга ишонса бўладими?
Истанбул прокуратураси тергов натижаларига кўра, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги дипломатик ваколатхонасида юз берган қотилликда иштирок этган 20 кишининг исмини 117 саҳифали айблов хулосасига киритди. Уларнинг барчаси халқаро қидирувга берилган.
Жорий йилнинг 3 июль куни ушбу жиноят иши бўйича биринчи суд эшитуви бўлиб ўтди. Унда Қошиқчининг қаллиғи ва асосий гувоҳ Ҳадича Ченгиз ҳам иштирок этди.
Ушбу судда БМТнинг суддан ташқари қотиллик бўйича махсус маърузачиси Агнес Калламард ҳам иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг қайд этишича, Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши юзасидан Туркияда ўтаётган суд Саудия Арабистонидагига қараганда анча шаффоф ва ишончли. Вакил ушбу судда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг ҳам номи тилга олинишини истамоқда.
Кейинги суд мажлиси жорий йилнинг 24 ноябрь куни бўлиб ўтади.
LiveБарчаси