ЖССТ Хитойда тарқалган вирусни юқтирмаслик учун бирламчи тавсияларни берди
Саломатлик
−
22 Январь 2020
6388Маълумки, Хитойда тарқалган вирус бутун дунёга хавф солишни бошлади. Аввалроқ, вирус сабаб Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларида назорат кучайтирилгани хабар қилинган эди.
2019 йилнинг 31 декабрь куни Хитой Ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га мамлакатнинг Ухан шаҳрида номаълум пневмония эпидемияси юзага келгани ҳақида хабар қилган эди. Касалланишнинг биринчи ҳолатини денгиз маҳсулотлари сотиладиган бозор билан боғлашмоқда. Жорий йилнинг 7 январь куни хитойлик мутахассислар касаллик қўзғатувчиси коронавирус 2019-nCoV эканини аниқлашди.
20 январдаги маълумотга кўра, Хитой ҳукумати ушбу вирус келтириб чиқарган 224 та пневмония ҳолати аниқланганини расмий тасдиқлади. Мамлакат Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича муниципал қўмитанинг хабарига кўра, бу касалликдан нобуд бўлганлар сони тўрттага етган.
Афсуски, касаллик Хитой чегарасидан чиқиб, бошқа давлатлар ҳудудларига ҳам тарқалмоқда. 20 январь куни Жанубий Кореяда коронавирус билан оғриган биринчи ҳолат аниқланди, бемор Хитой фуқароси бўлиб чиқди. Шунингдек, касалланиш ҳолатлари Таиланд ва Японияда ҳам рўйхатга олинди.
Бундан ташқари, Хитой ҳукумати пневмониянинг янги тури одамдан одамга юқишини тасдиқлади (аввал бу касаллик ушбу усулда юқмаслиги таъкидланганди). Ушбу фактнинг далили сифатида эса касалликнинг янги тури коронавирус билан касалланганлардан камида 14 нафари тиббиёт ходимларига юққани келтирилмоқда.
ЖССТ 22 январь куни ушбу ҳолат юзасидан фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитанинг шошилинч йиғилишини чақирмоқда. У ерда янги вируснинг хавфи баҳоланиб, у билан курашиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Ҳозирда эса ЖССТ кенг жамоатчиликка бир нечта дастлабки тавсияларни бермоқда:
• қўлларингизни совун ва сув ёки спиртли аралашма билан ювинг;
• йўталганда ёки акс урганда оғзингиз ва бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка, енгингиз ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;
• шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган алоқада бўлишдан узоқлашинг ҳамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилинг;
• тирик маҳсулотлар сотиладиган бозорда бўлганингизда жониворлар ҳамда улар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган ҳолда тегинишдан эҳтиёт бўлинг;
• таомни, айниқса, гўштни астойдил пиширинг.
Айни вақтда Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикасидан келаётган йўловчилар орасида грипп касаллигининг оғир турларига, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморлар аниқланганда лаборатория ташхиси учун намуналар олиш ташкил этилмоқда. Шунингдек, мутахассислар томонидан учувчилар, борт ва темир йўл кузатувчиларининг билим савиясини ошириш мақсадида грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларининг клиникаси, лаборатория ташхиси, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар тўғрисида кенг тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь