ЖЧ-2026 да можаро: мексикалик амалдор рацизм учун ишдан ҳайдалди (видео)
Спорт
−
14 Июнь 10695 2 дақиқа
Мексиканинг Халиско штати Геодезист-муҳандислар ва геоинформатиклар ассоциацияси президенти Улисес Берналь 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати учрашувида жанубий кореялик стример қиз билан содир бўлган воқеадан кейин лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда “Vietnam.vn” хабар берди.
Ҳодиса 12 июнь куни Мексиканинг Халиско штатида Жанубий Корея ва Чехия терма жамоалари ўртасидаги ўйин пайтида юз берган. TikTok ва YouTube тармоқларида қарийб 9 миллион обуначиси бўлган жанубий кореялик стример Юн Су Жин ўз жамоасининг ғалабасидан сўнг видео суратга олаётган бўлган. Шу пайт унинг орқасида ўтирган Берналь қўллари билан кўзларини қисиб, “қисиқ кўзлар”ни тақлид қилган ва кулиб юборган. Ижтимоий тармоқларнинг кўплаб фойдаланувчилари ушбу ишорани ирқчилик ва ҳақоратли деб ҳисоблаган.
Эълон қилинган кадрларда блогер қиз ўз ортида содир бўлаётган воқеани пайқаб, ҳайратда қолганини кўриш мумкин. Кейинчалик у атайлаб Жаҳон чемпионати учун Мексикага борганини ва бундай муносабатга дуч келишни кутмаганини айтган.
“Мен Жаҳон чемпионатини томоша қилиш ва ирқчиликка дуч келиш учун дунёнинг нариги чеккасидан келдим”, деб ёзди у.
Видео миллионлаб марта кўрилганидан сўнг Берналь шаънига кескин танқидлар ёғилган. Халиско штати Геодезист-муҳандислар ва геоинформатиклар ассоциацияси вакиллари содир бўлган воқеадан чуқур афсусда эканликларини билдирган.
Ташкилотнинг маълум қилишича, ушбу масала Шон-шараф ва адолат қўмитаси томонидан кўриб чиқилган. Сурриштирув якунларига кўра, Бернални ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Рўй берган воқеа интернетда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Кўплаб мексикаликлар стример қиздан узр сўраган ва амалдорнинг хатти-ҳаракатлари мамлакат аҳолисининг позициясини акс эттирмаслигини билдирган. Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг бир қисми Мексикада бундай ишоралар баъзан бошқача қабул қилинишини даъво қилган.
Live
Барчаси