Жанубий Корея КХДР билан алоқалари учун Россияга қарши янги санкциялар жорий қилди

Олам

image

Жанубий Корея шимолий кореялик мутахассисларни Россия Федерациясига ишлашга жалб қилиш орқали “КХДРнинг ядровий ва ракета дастурларини молиялаштиришга” ҳисса қўшган россиялик икки нафар жисмоний ва икки юридик шахсга нисбатан санкциялар жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда бугун, 2 апрель куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

"Интеллект" ва "Содействие" компаниялари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари Сергей Козлов ва Фёдор Панфилов қора рўйхатга киритилган. Айтилишича, "Интеллект" компанияси Шимолий Корея мутахассисларига, жумладан IT ходимларига Россияда ишлаш учун ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам берган. Ўз навбатида, "Содействие" компанияси Шимолий Корея ишчиларининг Россия Федерациясига кириши ва мамлакатда қонуний бўлиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишда ёрдам берган.

Бундан ташқари, Россиянинг икки кемаси – Angara ва Lady R’га нисбатан санкциялар жорий этилди. Вазирлик улар БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузган ҳолда “Россия ва Шимолий Корея ўртасида ҳарбий юк ташиш”да иштирок этганини даъво қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея Шимолий Кореянинг оммавий қирғин қуроллари дастурини қўллаб-қувватлаганликлари учун Россия, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларининг олти нафар жисмоний ва икки юридик шахсига нисбатан санкциялар жорий қилганди.

Бошқа халқаро фирмалар қаторида Владивостокда жойлашган ва Шимолий Кореянинг Chinyong компанияси билан алоқадор бўлган Россиянинг “Алис” компаниясига ҳам санкция қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия санкция Жанубий Корея КХДР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг