Жаҳон банки Туркияга 1,78 миллиард доллар ажратмоқчи
Олам
−
10 Февраль 2023
2934Жаҳон банки зилзила оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Туркияга 1,78 миллиард АҚШ доллари ажратилишини маълум қилди. Бу пуллар фавқулодда ёрдам ва реконструкция ишлари учун ажратилади. Бу ҳақда Жаҳон банки расмий сайтида эълон қилинган баёнотда келтирилган.
Қайд этилишича, Жаҳон банки офат кўламини ўрганиш, тиклаш ва реконструкцияни қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишларини аниқлаш учун зарарни тезкор кўрсаткичларини баҳолашни ҳам бошлаган.
“Туркиянинг яқин ва узоқ келажакдаги эҳтиёжлари ортиб бормоқда. Уларга ҳозирда кўмак бериш билан бир қаторда мамлакатнинг қайта тикланишига ҳам ёрдам бериш керак”, дейди Жаҳон банкининг Туркия бўйича директори Ҳумберто Лопез.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Жаҳон банкининг Туркия билан ҳамкорлиги 1950 йилда бошланган. Сўнгги йилларда банк мамлакатда табиий офатлар хавфини бошқариш, шаҳарсозлик ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича етакчи ҳамкор ҳисобланади. Ташкилотнинг Туркия билан ҳамкорлиги доирасида – Истанбулдаги сейсмик хавфни камайтириш ва фавқулодда вазиятларга тайёрланиш лойиҳасини амалга ошириш, Туркиядаги қочқинлар учун муассаса томонидан молиялаштирилган хавфсиз мактаблар яратиш, “Жамоат биноларида сейсмик чидамлилик ва энергия самарадорлиги” номли бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу дастурлар шу кунга қадар 9 миллиард долларлик 30 та фаол кредит операцияларини амалга ошириш имкониятини тақдим этди.
LiveБарчаси