Зеленский Рустам Умаровни ишдан олмоқчи

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат ҳукуматини янгилашга қарор қилган. У Рустам Умаров ўрнига Мудофаа вазири лавозимига Денис Шмигални тайинламоқчи. Бу ҳақда у кеча, 14 июль куни Украина халқига йўллаган мурожаатида маълум қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, янги Мудофаа вазири ҳозирги Бош вазир Денис Шмигаль бўлади.

“Денис Шмигалдаги улкан тажриба айнан Украина Мудофаа вазирлиги лавозимида фойдали бўлади”, дейди Зеленский.

Унинг айтишича, ҳозир айнан ушбу соҳада мамлакат ресурсларининг асосий қисми жамланган ва энг кўп вазифалар ва катта масъулият айнан шу ерда. Украина Президенти парламент депутатларидан ҳукуматнинг янги таркибини қўллаб-қувватлашини кутаётганини ҳам билдирган.

“Ва муҳим жиҳат шуки, ҳукумат ҳамкорларимиз билан тузилган барча келишувларни тезда аудитдан ўтказиши керак – нималар ишлаяпти, нималарни қайта кўриб чиқиш ёки фаоллаштириш лозим”, дея қўшимча қилган у.

Ҳозирда Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимини Рустам Умаров эгаллаб турибди. У 2023 йилдан бери бу вазифани бажармоқда. Умаров иқтисодий маълумотга эга бўлиб, илгари телекоммуникация ва инвестиция соҳаларида ишлаган.

2019 йилда у қўшиқчи Святослав Вакарчук асос солган “Голос” партиясидан парламентга сайланган, ўнлаб қонун лойиҳаларининг муаллифи ва ҳаммуаллифи бўлган. Россия босқини бошланганидан кейин Умаров Украина делегацияси таркибида Россия билан музокараларда иштирок этган.

“Украинская правда” нашрининг ёзишича, Зеленский Умаровни АҚШдаги Украина элчиси лавозимига тайинламоқчи.

“Президент Владимир Зеленский Мудофаа вазири Рустам Умаровни АҚШдаги элчилик лавозими учун асосий ва ҳозирча ягона номзод сифатида кўриб чиқмоқда”, деб ёзади нашр.

Денис Шмигаль 1975 йил 15-октабрда Львов шаҳрида туғилган. У Львов Политехника университетининг “Ишлаб чиқариш соҳасида бошқарув (машинасозлик)” йўналишини тамомлаган ва муҳандис-иқтисодчи малакасига эга. Фан номзоди унвонига эга, украин, рус, инглиз ва поляк тилларини билади. Турли йилларда у банкда, автобус заводида, Львов вилояти маъмуриятида ишлаган, шунингдек, депутат ёрдамчиси бўлган.

2014 йилда у парламент сайловларида, кейинроқ эса Львов вилоят кенгашига номзод сифатида қатнашган, аммо иккала сайловда ҳам ғалаба қозона олмаган. 2015-2019 йилларда у хусусий бизнес билан шуғулланган, 2019 йилда Зеленский фармони билан Ивано-Франковск вилояти давлат маъмурияти раиси этиб тайинланган.

Орадан ярим йил ўтиб, 2020 йил 4 февралда Шмигаль Бош вазир ўринбосари – жамоалар ва ҳудудлар ривожланиши вазири этиб тайинланган, бир ой ўтиб эса Алексей Гончарук ўрнига Бош вазир лавозимини эгаллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Денис Шмигаль Рустам Умаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг