Зеленский хавфсизлик ва мудофаа учун бюджет харажатларини 10,5 миллиард долларга оширди
Олам
−
27 Октябрь 2022
4030Украина Президенти Владимир Зеленский хавфсизлик ва мудофаа харажатларини 386,9 миллиард гривна (10,5 миллиард доллар)га ошириб, мамлакат бюджетига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Олий Рада сайтида хабар қилинганидек, бу миллий хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги “тезкор вазифалар”ни амалга ошириш имконини беради.
“Давлат бюджети маблағларининг айрим асосий бошқарувчилари – миллий хавфсизлик ва мудофаа сектори субъектлари учун ажратиладиган бюджет маблағлари 386 9 миллиард гривнага (10,5 миллиард доллар) кўпайди”, дейилади ҳужжатда.
Аввалроқ Олий Рада депутати Украина ўзининг йиллик бюджетини тўлиқ сарфлаб бўлганини айтганди. Унга кўра, 24 февралдан 15 октябргача 1 434,9 миллиард гривна (38,7 миллиард доллар) сарфланган. Уларнинг 42,2 фоизи ёки 605 миллиард гривнаси (16,3 миллиард доллар) иш ҳақи, 21 фоизи ёки 301,4 миллиард гривнаси (8,1 миллиард доллар) аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга сарфланган.
Бюджетнинг 13 фоизи ҳарбий техника, қурол-яроғ, ўқ-дорилар, мудофаа маҳсулотлари харид қилишга, 6 фоизи аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга, 5,7 фоизи давлат қарзига хизмат кўрсатишга ва 5,6 фоизи маҳаллий бюджетларга трансфертларга йўналтирилди.
Жорий йилнинг 18 октябрь куни парламент Украина ҳукуматининг хавфсизлик блокига сарфланадиган харажатларни 387 миллиард гривна (10,5 миллиард доллар)га ошириб, бюджетни қайта кўриб чиқиш таклифини қўллаб-қувватлади. Ҳукумат қўшимча маблағларнинг катта қисмини Мудофаа вазирлигига – 365,2 миллиард гривна (9,9 миллиард доллар) юборишни таклиф қилди. Ички ишлар вазирлигига 12,9 миллиард гривна (349 миллион доллар), Украина Хавфсизлик хизматига 3,7 миллиард гривна (10 миллион доллар), Мудофаа вазирлиги разведка бошқармасига 3,2 миллиард гривна (8,7 миллион доллар), Давлат махсус алоқа хизмати – 1,3 миллиард гривна (3,5 миллион доллар), Ташқи разведка хизмати – 45 миллион гривна (1,2 миллион доллар).
Июль ойида Украина Бош вазири Денис Шмигал мамлакатнинг ҳарбий харажатлари февраль ойидан бери ўн баравар кўпайганини, яъни ойига 13 миллиард гривнадан (352 миллион доллар) 130 миллиард гривнага (3,5 миллиард доллар) ошганини айтди. Икки ҳафта олдин Олий Рада томонидан қабул қилинган Украинанинг 2023 йилги бюджети лойиҳасига кўра, келаси йилда хавфсизлик ва мудофаа учун сарфланадиган харажатлар тўрт баробардан кўпроқ ошиб, 1,136 триллион гривна (30 миллиард доллар)ни ташкил этади.
LiveБарчаси