Юридик университетда энди деканлар сайланади
Жамият
−
28 Ноябрь 3268 3 дақиқа
Тошкент давлат юридик университетида факультет деканлари ва департамент бошлиқларини сайлаш амалиёти жорий этилади. Бу ҳақда 2025 йил 26 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Фармонга кўра, факультет деканлари, департамент бошлиқлари ва марказ раҳбарларини сайлаш амалиёти жорий этилади. Улар 2 ўқув йилига сайланади ҳамда бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ мазкур лавозимларга сайланиши мумкин эмас.
Академик департаментлар бошлиқлари ва марказлар раҳбарлари факультет декани ўринбосарлари ҳисобланади. Шўъбалар профессор-ўқитувчилар таркибидан иборат бўлиб, уларнинг раҳбарлари кафедра мудирларига тенглаштирилади.
2026/2027 ўқув йилидан университетда тажриба тариқасида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими жорий этилади. Бунда 2-, 3- ва 4-курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи аудиторияларда, 50 фоизи суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказилади.
2027/2028 ўқув йилидан “Юриспруденция” йўналиши мавжуд бошқа давлат олий таълим ташкилотларида Университет тажрибаси натижаларидан келиб чиқиб, амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими йўлга қўйилади.
Фармонга кўра, университетда таълим – тадқиқот – амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида соҳавий факультетлар тизими академик департамент, тадқиқот, амалиёт ва карьера марказларидан иборат таркибда шакллантирилади.
Университет кафедралари негизида академик департаментлар ва улар таркибида шуъбалар ташкил этилади. Тадқиқот марказлари факультетлар йўналишидан келиб чиқиб илмий ходимлардан иборат бўлади, ҳуқуқни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммо ва камчиликларни илмий ёндашувлар асосида тадқиқ қилади.
Фармонга кўра, университет 3- ва 4- курс талабаларини давлат ташкилотлари, нотариат ва адвокатлик тузилмаларига иш юритувчи, юрисконсульт ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилишга рухсат этилади.
Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан университетда сунъий интеллект асосида дарс сифатини баҳолаш тартиби жорий этилади. Бунда электрон таълим платформасида:
- Талабаларнинг оралиқ билими даражасини аниқлаш механизми белгиланади;
- якуний назорат ишларини сунъий интеллект томонидан баҳолаш йўлга қўйилиб, инсон омили чекланади;
Университетда “Рақамли ҳуқуқ” (Digital Law) халқаро таълим йўналиши жорий этилади. Бунда:
- Мазкур йўналишга ўқишга қабул қилиш танловлари ихтисослашган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда IQ тест тартибида ўтказилади;
- танловда чет тиллари бўйича В2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этади;
- ўқув жараёни инглиз ва бошқа тилларда олиб борилади.
Фармонга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан:
- Университетга университет ҳузуридаги академик лицей, юридик техникум битирувчилари ҳамда олий маълумотга эга шахслар учун улар танловига кўра кириш мумкин бўлган бакалавр йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашнинг махсус 3 йиллик таълим дастури жорий этилади;
- Қашқадарё юридик техникуми негизида Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей ташкил этилади.
2026/2027 ўқув йилидан:
- “Юриспруденция” ҳамда “Давлат ва жамият бошқаруви” таълим йўналишида бакалавр даражасига эга шахсларга қайта тайёрлов курсларидан ўтмасдан умумий ўрта таълим мактабларида давлат ва ҳуқуқ асослари фани бўйича дарс беришга рухсат этилади;
- ҳуқуқ фанидан билиш даражасини баҳолаш бўйича тест синови ташкил этилиб, унинг натижалари асосида давлат намунасидаги сертификат бериш тартиби жорий этилади.
2026 йил 1 мартдан университетда “Юриспруденция” бакалавриат таълим йўналишидан бошқа турдош таълим йўналишлари битирувчилари учун 2 йиллик магистратура мутахассислиги жорий қилинади.
Live
Барчаси