“Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларини қасддан ҳақорат қилган” – ИИВ ҳолат бўйича суриштирув бошлатди
Маданият-санъат
−
05 Май 2020
41531Кеча, 4 май куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимларини ҳақоратлаб, сўнг узр сўраб чиққан эди. Мазкур ҳолатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги муносабат билдирди. Унда шундай дейилади:
"Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимлари фаолиятидан норозилиги акс этган видеоматериаллар тарқалди. Мазкур тасвирлар жорий йилнинг 4 майда Ю.Усмонованинг Instagram ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида тўғридан-тўғри эфирдан ёзиб олинган. Видеотасвирдаги ҳақоратомуз фикрлар бевосита ички ишлар органларига билдирилганлиги учун, Ички ишлар вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий жиҳатдан қўллаб келаётган, ўз ижод намуналари билан ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириш, ёшлар руҳиятида ватанга хизмат қилишдек муқаддас бурчни шакллантираётган санъаткорларимизнинг ўрни беқиёс.
Афсуски, шундай оғир вазиятда санъаткор таниқли Юлдуз Усмонова томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хизмат фаолиятига бармоқ орасидан қараб, уларни асоссиз танқид қилиши ўта маданиятсизлик ва салбий ҳолат, албатта.
Ўз қилмиши билан Юлдуз Усмонова барча ички ишлар органлари ходимларини уятли сўзлар, обрўсизлантирувчи уйдирмалар ва беодоблик билан қасддан ҳақорат қилган.
Асли ҳолатга ойдинлик киритадиган бўлсак, жорий йилнинг 2 майда соат тахминан 21:00ларда Мирзо Улуғбек тумани 4-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори лейтенант М.Ортиқжонов, шу туманда яшовчи Ю.Усмонованинг хонадонига ўттиз нафарга яқин фуқаролар, Сирдарё вилояти, Сардоба туманида рўй берган сув тошқинидан жабрланган аҳолига ёрдам бериш мақсадида ҳайрия учун турли ҳилдаги озиқ-овқат ҳамда бошқа мол-мулкларни олиб келганликларини кузатган. Ушбу юкни тегишли манзилга етказиб беришга ёрдам бериш мақсадида, ҳудудга бириктирилган ППХ ходимлари сержант Д.Ортиқов ва сафдор А.Султоновлар билан бирга юк машиналарига ортишга ёрдамлашиб, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходими майор Б.Гаппаров бошқарувидаги махсус транспорт воситаси кузатувида Сирдарё вилоятига тўпланиб кетадиган йиғин жойига, яъни “Туркистон” санъат саройига кузатиб қўйган.
Шундан сўнг, Ю.Усмонова ўзининг ёрдамчилари орқали тўпланган юкларни дарҳол, яъни 3 май соат 00.10ларда ЙҲХБ ходимлари кузатуви остида Сирдарё вилоятига жўнатилишини талаб қилган. Шунда ходимлар Ю.Усмоновага Сирдарё вилоятига чиқиш белгиланган тартибда тегишли рухсатнома асосида, кундузги вақтда ҳамда уюшган ҳолда амалга оширилишини тушунтиришларига қарамасдан, унинг асоссиз танқидига учраганлар.
Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, ўта маданиятсизлик билан турли хақоратномуз сўзларни гапираётган аёлга белгиланган тартибни тушунтиришга уринган ходимлар, зиддиятли вазиятни кескинлашиб кетишини олдини олиш мақсадида, ушбу аёл билан мулоқотни тўхтатиб, ўз хизмат вазифаларини давом эттирганлар. Шундан сўнг, Ю.Усмонова ижтимоий тармоқ орқали “он-лайн” тарзда ички ишлар органларини обрўсизлантирувчи, асоссиз ҳақоратлар акс эттирилган видеороликни тарқатган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан маданият ходими номига доғ туширган, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган, ички ишлар органлари ходимлари шаъни ва қадр-қимматини камситишга ҳаракат қилган фуқаро Ю.Усмонованинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.
Иш якуни бўйича ҳолатга ойдинлик киритилиб айбдорларга қонуний тартибда чора белгиланади.
Шу ўринда вазиятга холис муносабат билдириб, ички ишлар органлари ходимларининг хизматларига адолат назари билан қараган фуқароларимизга, маданият вакилларига, журналистлар, блогерлар ҳамда ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчиларига миннатдорчилик билдирамиз".
LiveБарчаси