YouTube Трампни блоклагани учун катта миқдорда пул тўлайди
Олам
−
30 Сентябрь 4517 2 дақиқа
YouTube видеохостинги 2021 йилда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ҳисобини вақтинча блоклаш билан боғлиқ суд даъвосини ҳал қилиш учун 24,5 миллион доллар тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Келишув шартларига кўра, сумманинг 22 миллион доллари Оқ уйда бал зали қурилишига масъул бўлган Trust for the National Mall ташкилотига йўналтирилади. Қолган пул эса ёзувчи Наоми Вульф ва Америка консерватив иттифоқи каби иш бўйича бошқа даъвогарлар ўртасида тақсимланади.
Маълумот учун, YouTube’га эгалик қилувчи Alphabet компанияси Дональд Трамп билан суд можаросини ҳал қилган учинчи йирик технологик компания бўлди. Жорий йилнинг январида Meta Platforms Америка Президентининг Facebook’даги ҳисобини вақтинча блоклаб қўйиш билан боғлиқ даъвони ҳал қилиш учун 25 миллион доллар тўлашга рози бўлган. Х компанияси эса Оқ уй раҳбарининг Twitter’га қарши киритган даъвосини 10 миллион доллар эвазига ҳал қилишга рози бўлган.
Қайд этиш жоиз, Дональд Трампнинг Facebook, Instagram, YouTube ва Twitter’даги ҳисоблари 2021 йил 6 январда унинг тарафдорлари президентлик сайловлари натижаларидан норози бўлиб, Капитолий биносига бостириб киргач блокланган эди. Ижтимоий тармоқлар раҳбарияти унинг хабарлари бу акцияга ён босган деб ҳисоблаган.
Эсалтиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп TikTok бўйича битимга оид фармонни имзолаганди. Шу орқали компания Америка корпорациялари назоратига ўтади ва мамлакат ҳудудида фаолиятини давом эттира олади. Компания 14 миллиард долларга баҳоланган.
Live
Барчаси