Йил бошидан бери доллар 6,8 фоиз қимматлашди. МБ сўмни “қутқариш” учун нима қилаётганини айтди
Жамият
−
17 Март 2022
11236Ўзбек сўми жорий йил бошидан бери долларга нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланди. Бу ҳақда Марказий банкнинг асосий ставкани ошириш бўйича берган шарҳида сўз боради.
“Умуман олганда миллий валюта курси динамикасида ташқи хатарлар ва девальвацион босимлар таъсирларига жавобан тўғриланиш кузатилиб, жорий йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланди”, дейилади регулятор изоҳида.
Юзага келган вазиятни инобатга олиб, Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида “нейтраллик тамойиллари” доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширган.
“Мазкур интервенциялар ўтган йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Келгусида бозорда барқарорликни таъминлаш мақсадида тегишли инвервенциялар амалга оширилиб, миллий валюта курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бугунги асосий ставкани оширилиши ҳам юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилган”, дейилади Марказий банк шарҳида.
Қайд этиш керакки, сўнгги кунларда сўм долларга нисбатан кескин қадрсизланмоқда. Марказий банк томонидан 17 март учун ўрнатилган курсга кўра, 1 АҚШ доллари 11 330,26 сўмга тенг.
LiveБарчаси