Европа “ёнмоқда”. Францияда 7 киши иссиқдан ҳалок бўлди

Олам

image

Францияда аномал иссиқлик етти кишининг ўлимига сабаб бўлди. Бир қатор ҳудудларда ҳарорат рекорд даражага кўтарилди, ўнлаб одамлар шифохоналарга ётқизилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, Францияда май ойи учун рекорд даражадаги иссиқ ҳаво кузатилмоқда ва у аллақачон инсонлар ўлимига олиб келган. Мамлакатда ҳаддан ташқари юқори ҳарорат туфайли етти киши ҳаётдан кўз юмган.

ОАВ маълумотларига кўра, беш киши сувда чўкиб кетган, яна икки киши очиқ ҳавода ўтказилаётган спорт тадбири пайтида вафот этган. Бундан ташқари, 16 киши шифохонага ётқизилган бўлиб, улардан ўн нафарининг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда.

“Meteo France” миллий метеорология агентлигининг хабар беришича, кеча, 25 май куни мамлакат жануби-ғарбидаги Ле-Ланд департаментида ҳарорат 37,1 даражага етган. Сояда эса ҳаво 36 даражагача қизиган. Бу кун Франциядаги бутун кузатувлар тарихидаги энг иссиқ май куни бўлган ва 1944 йилдан бери сақланиб келаётган рекордни янгилаган. Мамлакат бўйлаб 350 дан ортиқ метеорология станциялари янги ҳарорат максимумини қайд этган.

Аномал иссиқлик Европанинг бошқа давлатларига ҳам таъсир кўрсатган. Буюк Британияда, Лондон жануби-ғарбидаги Кью-Гарденс ҳудудида ҳарорат 34,8 даражага кўтарилган ва бу ҳам йилнинг ушбу даври учун рекорд кўрсаткич бўлган.

Испанияда синоптиклар бир қатор ҳудудларда ҳарорат 38-40 даражагача кўтарилишини прогноз қилмоқда. Италияда эса Лацио региони расмийлари очиқ қуёш остида, жумладан, қурилиш майдончаларида ишлашни аллақачон чеклаб қўйган.

Экспертларнинг баҳолашича, ҳозирда Европадаги ҳарорат иқлимий меъёрдан 12-13 даражага юқори. Мутахассислар содир бўлаётган бу жараённи иқлим ўзгариши ва Марокашдан ўтган иссиқ ҳаво оқими Европа устидаги юқори босим зонаси туфайли тўсилиб қолгани, яъни “иссиқлик гумбази” ҳодисаси билан боғламоқда.

Экспертлар бу каби иссиқлик тўлқинлари келгусида янада тез-тез такрорланиши ва шиддатлироқ тус олишидан огоҳлантирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ер сайёраси энг йирик иқлим фалокатига дуч келиши эҳтимоли борлиги, хусусан, олимлар бундан 150 йил аввал ўн миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган янги Эль-Ниньо циклини кутаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг