Европа АҚШсиз муаммога дуч келади – Финляндия бош вазири

Олам

image

Финляндия бош вазири Санна Марин Европа Россиянинг Украинага бостириб киришига якка ўзи қаршилик кўрсатишга етарли даражада кучли эмаслиги ва АҚШ кўмагига таянишга мажбур эканини айтди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

НАТОга аъзо бўлган давлат раҳбари Австралияга ташрифи чоғида Европанинг мудофаасини кучайтириш кераклигини айтди.

“Мен сиз билан шафқатсизларча ростгўй бўлишим керак, Европа ҳозир етарлича кучли эмас. АҚШсиз биз муаммога дуч келамиз”, деди у.

Қайд этилишича, АҚШ Украинага энг йирик ҳарбий ёрдам кўрсатувчи давлат ҳисобланади. Февраль ойида уруш бошланганидан бери у ёрдам учун 18,6 миллиард доллар ажратган. 

Германиянинг Кил шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, Украина учун иккинчи йирик донор Европа Иттифоқи, ундан кейин эса Буюк Британия бўлган. Аммо уларнинг ҳиссаси АҚШникига нисбатан анча кам.

Таъкидлаш жоизки, Европа давлатларининг ҳарбий захиралари Украинага етказиб берилаётгани сабабли тугаб боряпти. Шундай бир пайтда, Финляндия бош вазири Европа мудофаасини кучайтириш устида ишлашга чақирмоқда.

“АҚШ Украинага жуда кўп ҳарбий, молиявий, инсонпарварлик ёрдами берди. Европа эса ҳали етарли даражада кучли эмас. Биз Европа мудофааси, Европа ҳарбий саноати ҳақида гап кетганда ўз имкониятларимизга ва турли вазиятларда бардош бера олишимизга ишонч ҳосил қилишимиз керак”, деди Санна Марин Сиднейдаги Лоу институти таҳлил марказида.

Шунингдек, бош вазир Марин сўнгги ўн йилликларда Европанинг айрим давлатлари Россия билан яқинроқ алоқаларни ўрнатишга уринишларини танқид қилди. 

“Узоқ вақт давомида Европа Россия учун... Россиядан энергия сотиб олиш ва бу иқтисодий алоқаларни яқинлаштириш стратегиясини ишлаб чиқди ва биз бу урушнинг олдини олади деб ўйлаган эдик”, дея таъкидлади бош вазир.

Аммо унинг айтишича, “бу бутунлай нотўғри эканлиги исботланган”.

Маълумот учун, Россия билан чегарадош Финляндия жорий йилнинг май ойида НАТОга аъзо бўлиш учун расман ариза берган эди. Қўшилиш протоколлари июль ойида имзоланган. Аммо улар ҳали барча бошқа аъзолар томонидан ратификация қилинмаган.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг