Еростидан сув оладиганлар ҳисоблагич ўрнатиши мажбурий бўлади
Жамият
−
03 Сентябрь 16389 1 дақиқа
Ерости сув олиш иншоотларини сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлашни рўйхатга олиш тартиби белгиланди. Бу 28 август куни ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган “Ерости сув олиш иншоотларини сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлашни рўйхатга олиш ва муҳрлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламентда белгиланди.
Регламентга кўра, ушбу давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали кўрсатилади. Сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланмаган ерости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади. Ерости сув олиш иншоотларидан олинаётган сув ҳисобини юритиш учун фақат Ўзбекистон Республикасида ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турлардаги сув ҳисоблаш воситаларининг ўрнатилишига йўл қўйилади.
Белгиланишича, сув ҳисоблаш воситалари насосли қудуқларда сув чиқишини бошқариш қурилмасидан олдин, фавворали қудуқлар ва булоқларда бошқариш қурилмасидан кейин ўрнатилиши лозим. Давлат хизмати кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи (206 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Ҳудудий гидрогеология станциялари ва туман (шаҳар) солиқ инспекциялари сўровнома юборилгач, 10 кун муддатда ерости сув олиш иншоотларида ўрнатилган сув ҳисоблаш воситаларини рўйхатга олади ва муҳрлайди.
Янги тартиб 2025 йил 30 ноябрдан кучга киради.
Live
Барчаси