Ер юзидаги бориш мумкин бўлмаган 7 ҳудуд
Бу қизиқ
−
27 Июль 37657 5 дақиқа
Инсонлар ҳар доим кам ўрганилган, экзотик ва яширин масканларга саёҳат қилишни хоҳлайди. Бироқ дунёда шундай тақиқланган жойлар борки, ҳатто энг саргузаштсевар саёҳатчилар ҳам у ерга бора олмайди. Чекланган ҳудудларнинг ҳар бири ўзига хос, сирли тарихга эга бўлиб, бу уларнинг жозибасини янада оширади ва қизиқишни кучайтиради. Ана шундай тақиқланган жой ва уларнинг сирлари билан танишиб, танангизни жунбишга келтиришга тайёрмисиз?
1. Шимолий Сентинел ороли, Ҳиндистон

Ҳиндистоннинг Бенгал кўрфазидаги Сентинел оролида яшовчи сентинел қабиласи 60 минг йилдан ортиқ вақт давомида энг яккаланиб яшовчи қабилалардан биридир. Ушбу олис оролни ўрганишга уринишлар натижасида баъзи сентинел аъзолари замонавий касалликларга чалиниб, сон жиҳатдан анча камайган.

Нима учун Шимолий Сентинел оролига бориш тақиқланган?
- Ҳиндистондаги энг тажовузкор қабила деб тан олинган сентинел халқи бегоналарга ҳужум қилиши билан машҳур.
- Оролга яқинлашиш ёки алоқа ўрнатишга уринишлар бир неча бор ўлим билан якунланган. Масалан, 2006 йилда икки балиқчи, 2018 йилда эса ноқонуний равишда оролга кирган америкалик миссионер ўлдирилган.
- Сентинел халқи замонавий касалликларга нисбатан ҳеч қандай иммунитетга эга эмас. Ҳатто оддий шамоллаш ҳам улар учун ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Бугунги кунда ушбу орол ташқи одамлар учун бутунлай ёпилган ҳудуд ҳисобланади. Ҳиндистон ҳукумати орол атрофидаги 10 км масофага яқинлашишни ҳам тақиқлаган.
2. 51-ҳудуд, АҚШ

1955 йилдан бери 51-ҳудуд дунёдаги энг сирли манзиллардан бири сифатида танилган. АҚШ ҳаво кучларининг синов майдони сифатида эълон қилинган бу жой ҳақида 2013 йилгача бирор маротаба расман тилга ҳам олинмаган эди. Шу сабабли ҳам бу ҳудуд атрофида кўплаб фитна назариялари пайдо бўлган. Бу ерда нима қилинаётгани аниқ эмас, аммо кўпчилик ҳудудда жиддий тадқиқотлар олиб борилаётганига ишонади.
1947 йилда Нью-Мексико штатидаги Розуэлл шаҳри яқинида осмондан номаълум жисм қулайди. Ўшанда ҳукумат бу учар жисм эканини маълум қилади. Орадан вақт ўтиб эса бу ердан учирилган техника бўлгани айтилади. Баёнотлардаги бундай икки хиллик одамларда шубҳа уйғотади ва турли назарияларни келтириб чиқаради. Улардан бири махфий 51-ҳудуд эди.

Нима учун 51-ҳудудга бориш тақиқланган?
- У қаттиқ қўриқланади ва рухсатсиз кирган ҳар қандай шахс катта жаримага тортилиши ёки бир йилдан ортиқ муддатга қамоққа олиниши мумкин.
- Ҳудудда кучли хавфсизлик, кузатув тизими, огоҳлантирувчи белгилар ва ҳаракат сенсорлари ўрнатилган.
- 2019 йилда Facebook’да “51-ҳудудга кирамиз” ҳештеги остида ҳаракат бошланган ва унга 2 миллиондан ортиқ одам иштирок этишга ваъда берган. Аммо амалда бир нечтагина одам келган ва улар тезда ҳарбийлар томонидан олиб кетилган.
Аслида бу жойда миллий хавфсизлик билан боғлиқ махфий ҳарбий тадқиқотлар олиб борилиши эҳтимоли юқори.
3. Цинь Ши хуанди қабри, Хитой

Кейинги манзилимиз – Хитойнинг Хиъан вилоятида жойлашган қадимий қабристон. 1974 йилда очилган бу ҳудудда ҳаётий ўлчамдаги минглаб терракота аскарлари топилган. Улар Хитойнинг биринчи императори Цинь Ши хуандининг қабри олдида кўмилган ва уни ҳимоя қилиши учун ясалган ҳайкаллардир.
Маълумотларга кўра, мазкур 8 мингдан ортиқ ҳайкал тахминан 700 минг ишчи томонидан 40 йил давомида ясалган. Қабр атрофидаги ҳудуд сайёҳларга очиқ бўлса-да, императорнинг ҳақиқий қабри ҳозиргача ҳеч кимга очилмаган. Ҳатто археологларга ҳам қазиш ишлари олиб боришга рухсат берилмаган.

Нега Цинь Ши хуанди қабри тақиқланган?
- Ҳукумат бундай қадимий ёдгорликка зарар етишидан хавотирланиб, археологик ишларни чеклаган.
- Баъзи манбаларга кўра, қабр ичида турли қопқон ва тузоқлар мавжуд, бу эса уни очишга ҳаракат қилганлар ҳаётига хавф солиши мумкин.
Шу сабабли, Хитойнинг биринчи императори мақбараси сирли ҳолатда сақланмоқда ва ҳеч ким унга яқинлаша олмайди.
4. Илонлар ороли, Бразилия

Дунёнинг энг хавфли оролларидан бири – Бразилиядаги Илонлар ороли. У ерда 4 мингдан ортиқ турдаги заҳарли илонлар яшайди. Уларнинг заҳри тўқималарни тезда емирадиган даражада кучли. Шунинг учун бу орол дунёдаги энг хавфли жойлардан бири сифатида тан олинган ва бу ерга ҳеч бир сайёҳ ёки маҳаллий аҳоли бора олмайди.

Фақатгина махсус рухсатга эга тадқиқотчилар қатъий назорат остида ташриф буюришлари мумкин. Ҳатто уларга ҳам малакали шифокорсиз оролга ташриф буюриш мумкин эмас.
5. Париж катакомбалари, Франция

Муҳаббат шаҳри Париж остида 6 миллиондан ортиқ одам суяклари билан тўлдирилган 273 км узунликдаги қоронғи туннеллар ётибди. Маълумотларга кўра, дастлаб тош конларини мустаҳкамлаш учун қурилган бу катакомбалар кейинчалик қабристонлар тўлиб кетгани боис мурдаларни сақлаш жойига айлантирилган. Бу жой қоронғи ўтмиши, қўрқинчли тузилиши ва хатарли ҳолати туфайли дунёдаги энг тақиқланган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Нега Париж катакомбаларини томоша қилиш тақиқланган?
- Ушбу туннелларнинг фақатгина 1% қисми жамоатчиликка очиқ, қолган қисмида кўплаб нураш хавфи юқори бўлган йўлаклар мавжудлиги боис ёпиқ.
- Ичкарида минглаб одам тана ва бош суяклари тахлаб қўйилган бўлиб, уларнинг барчаси совуқ ва қоронғи муҳитда сақланади.
6. Уиттенум, Австралия

Бир вақтлар йирик конь шаҳарчаси бўлган Уиттенум – ҳозирда дунёдаги энг хавфли ва ёпиқ жойлардан бири. У ерда илгари асбест (силикат синфидаги нозик толали минералларнинг умумий номи) қазиб олинган ва бу моддалар ҳавога тарқалиши оқибатида минглаб одам ҳаётдан кўз юмган.

Шаҳар асбест билан ифлосланган ҳаво туфайли 1970 йилларда ҳукумат томонидан босқичма-босқич ёпилган. Бугунги кунда у тўлиқ ташлаб кетилган, хариталардан ҳам ўчирилган ва йўл белгиларида кўрсатилмайди. Бу хавфли жой “Австралиянинг Чернобили” деб ном олган.
7. Повелья ороли, Италия

1793 йилда қора ўлат (вабо) эпидемияси пайтида касалланганларни карантин қилиш учун фойдаланилган бу оролга ҳозирда бориш бутунлай ман этилган. 160 мингдан ортиқ одам айнан шу ерда вафот этган.

Орол тупроғи ҳали ҳам инсон қолдиқлари билан аралаш бўлиши мумкин. 1920 йилларда оролда руҳий касаллар учун шифохона ташкил этилган бўлиб, беморлар аҳволи ёмонлашган.

Бугунги кунда орол бутунлай ташлаб кетилган ва гўёки “арвоҳлар томонидан босиб олинган”. Ҳатто орол соҳилларига чиқиб қоладиган инсон суяклари ҳақида афсоналар ҳам мавжуд.
Дунё сир-синоатларга тўла. Ушбу тақиқланган жойлар инсонлар қизиқишини кучайтиради, аммо уларнинг ёпиқ ҳолда қолиши кўпинча атроф-муҳитни сақлаш, маданиятни ҳимоя қилиш ёки хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлади. Кўпчилик каммаълум манзилларни кашф қилишни хоҳласак-да, баъзи сирлар абадий сирлигича қолиши ҳаммага яхши. Зеро, айрим жойлар ҳақиқатдан ҳам муқаддас ва дахлсиз бўлиши керак.
Live
Барчаси