Япониядаги боғга Самарқанд номи берилди
Жамият
−
20 Декабрь 972 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Японияга расмий ташрифи доирасида Нара шаҳри мэри Ген Накагава билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасидаги биродарлик муносабатлари юқори баҳоланди. Самарқанд кўп асрлар давомида Буюк Ипак йўли маркази, Япониянинг қадимги пойтахти Нара эса унинг шарқий дарвозаси бўлгани таъкидланди. Бу шаҳарлар цивилизациялар ўртасида маданий кўприк вазифасини бажариб, халқаро савдо ва билим алмашинувида муҳим роль ўйнаган.
2027 йилда Нара миллий музейида намойиш этиладиган Ўзбекистон маданияти ва тарихига бағишланган археологик кўргазмага пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди. Бу лойиҳа Ўзбекистон ва Япония дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 35 йиллиги шарафига ўтказиладиган йирик маданий тадбир бўлади.
Ген Накагава икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги абадий дўстлик, маданий ва тарихий яқинлик рамзи сифатида Нарадаги янги боғлардан бирига Самарқанд номини беришга қарор қилинганини эълон қилди.
Суҳбат давомида икки биродар шаҳар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, туризм, тўқимачилик, транспорт, логистика ва шаҳарсозлик соҳаларида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Япония молия институтлари раҳбарларини қабул қилганди.