Янги Ўзбекистоннинг 4 вилоятида болалар мажбурий меҳнатга жалб этилгани аниқланди
Жамият
−
24 Март 2021
5947Ўзбекистон ва мажбурий меҳнат. Яқин-яқингача буларни бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмасди. Айниқса, куз ойларида мажбурий меҳнат авжига чиқиб, пахта йиғим-терими тугагач, бошқаларнинг текин меҳнати, мардикорлиги эвазига терилган пахтани кўз-кўз қилиб, режани бажардик, дея кўксимизга уриш анъанага айланиб қолган эди. Бундан ғурурланардик, мажбурлаётганимизни, мажбурланаётганимизни тан олмасдик.
Янги Ўзбекистонда эса ҳамон болаларни мажбурий меҳнатга жавлб қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси – Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссия раиси Танзила Норбоева комиссиянинг бугун, 24 март куни бўлиб ўтган йиғилишида сўз очди. Раис 4 та вилоятда мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнат – ободонлаштиришга дарс вақтида жалб этилганини урғулади.
“Ободонлаштириш ишларига ходимларни мажбурий жалб этиш бўйича энг кўп ҳолатлар Бухоро вилоятида 9 та, Қашқадарё вилоятида 7 та, Тошкент вилоятида 6 та, Самарқанд вилоятида 5 та қайд этилган. Биз бу борада кўрилган чора-тадбирлар самарадорлигини 2020 йил 4 декабрь куни ўтказилган мажлисимизда ҳудудлар кесимида танқидий муҳокама қилган эдик ва бунга батафсил тўхталиб ўтишим шарт эмас. Aфсуски, об-ҳавонинг исиши билан ижтимоий тармоқларда ходимлар мажбурий тарзда ободонлаштириш ишларига жалб этилгани тўғрисида хабарлар тарқалиши бошланди.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида 7 та шу каби ҳолат қайд этилган эди. Ёзиб олишингизни сўрайман, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 7 та шу каби ҳолат аниқланган”, дейди Сенат раиси Танзила Норбоева
Вояга етмаган шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари халқ таълими муассасаларида ҳам кузатилаётгани, ачинарли албатта. Юқорида келтириб ўтилган вазиятларнинг барчаси мактаб ўқувчилари билан боғлиқ вазият эканлиги буни яққол кўрсатиб турибди.
“Юқорида айтиб ўтилган 4 та ҳолатда ҳам вояга етмаганлар, яъни мактаб ўқувчилари ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилган. Масалан жорий йилнинг 29 январь куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 13-мактаб директори ўринбосари 5- ва 8- синф ўқувчиларини мактаб ҳудудини ободонлаштириш ишларига жалб этган. Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 33-мактаб директори ўқувчиларни ўз хонадонидаги чиқиндиларни тозалаш ишларига мажбурлаган. Шуни эслатиб ўтмоқчиманки, 2021 йил 12 февралдан бошлаб вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади. Мана шуни эшитиб олинглар, энди огоҳлантириш, илтимос қилиш ҳам йўқ”.
Рўзимурод Бердиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь