Янги сайланган депутатлар қачон вазифасига киришади?
Бу қизиқ
−
15 Январь 2020
5942Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар ўз якунига етди. Депутатлар қачондан бошлаб ўз вазифасига киришади, Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш қачон амалга оширилади деган саволлар кўпчиликни қизиқтирмоқда.
Ушбу жараён қуйидаги тартибда амалга ошади:
Биринчи, Конституцияга асосан, ваколат муддати тугагач, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати янги чақириқ Қонунчилик палатаси ва Сенати иш бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.
Иккинчи, Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин 1 ойдан кечиктирмай ўтказилади.
Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ҳамда тегишли маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлисида амалга оширилади.
Маълумот учун: Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига кўра, Сенат аъзолари сайлови бўйича вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлислари 2020 йилнинг 16-17 январь кунлари ўтказилади.
Учинчи, Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси Қонунчилик палатасига сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай, Сенатнинг биринчи мажлиси эса Сенат шакллантирилганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссиясининг чақириғига асосан ўтказилади.
Биринчи мажлисларда тегишлича Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери сайланади, палаталарнинг қўмиталари тузилади ҳамда фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.
Айнан шу мажлисдан сўнг янги сайланган депутатлар ва сенаторлар ўз вазифасига киришади.
Тўртинчи, Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.
Вазирлар Маҳкамасининг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши янги шакллантирилган Сенатнинг биринчи мажлиси ўтказилган кунда Олий Мажлиснинг палаталарига Бош вазир томонидан ёзма мурожаат бериш орқали амалга оширилади.
Бешинчи, Бош вазир номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.
Президент тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Олий Мажлис палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.
Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Олий Мажлис аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.
Олтинчи, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига (жумладан, вазирлар, давлат қўмиталари раислари) номзод Қонунчилик палатасидаги масъул қўмита, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳлари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ва маъқулланади.
Вазирлар Маҳкамаси аъзоси лавозимига номзод унинг номзодини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва маъқуллаш чоғида ўзининг тегишли ҳаракатлар режасини тақдим этади.
Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади.
Еттинчи, Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисларида Президент мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаши мумкин.
Хусусан, яқин кунларда Президентнинг янги шакллантирилган Парламентга анъанавий мурожаатномаси кутилмоқда.
Шунингдек, қўшма мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури эшитилади.
LiveБарчаси