Сохта табассумларга бой ташриф. Трамп Хитойда! (фоторепортаж)
Олам
−
14 Май 6154 4 дақиқа
Кеча, 13 май куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг 2017 йил ноябрь ойидан бери илк давлат ташрифи ва амалдаги АҚШ Президентининг сўнгги қарийб тўққиз йил ичидаги Хитой Халқ Республикасига (ХХР) биринчи ташрифи бошланди.
Трамп ва Си Цзиньпин Америка етакчисининг ташрифи борасида 2025 йил кузида Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида келишиб олган эди.

Пекинда Америка Президенти шарафига тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. У Халқ Ассамблеялари саройи олдида ўтказилди.

Етакчилар кенгайтирилган таркибда икки томонлама учрашув ўтказган. Делегация таркибига Мудофаа вазири Пит Хегсет, Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Молия вазири Скотт Бессент кирган. Музокаралар 2 соат-у 15 дақиқа давом этган.

Трампнинг ташрифи давомида АҚШ ва ХХР етакчилари Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги низони, савдо чекловларини, Тайвань масаласини муҳокама қилишлари, шунингдек, иқтисодий масалалар ва сунъий интеллект (СИ) соҳасида келишувларга эришишлари кутилмоқда.

Трамп ва Си Цзиньпин Халқ Ассамблеялари саройи олдида қўл бериб кўришган. АҚШ Президенти ХХР раисини “буюк етакчи” деб атаган ва Вашингтон ҳамда Пекин ўртасидаги муносабатлар аввалгидан кўра яхшироқ бўлишига ишонч билдирган.

“Сиз билан дўст бўлиш мен учун катта шараф”, дейди АҚШ етакчиси.
Кутиб олиш маросимида Хитой Халқ-озодлик армияси ҳарбийлари иштирок этган.

Трамп билан бирга Хитойга АҚШнинг етакчи технологик компаниялари раҳбарлари, жумладан, тадбиркор Илон Маск ҳам борган. У сафарга ўзи билан ўғли X Æ A-12 ни ҳам олиб борган.

Сентябрь ойида ўз лавозимини тарк этадиган Apple бош директори Тим Кук ҳам Америка делегацияси таркибидан жой олган.

Америка бизнесининг яна бир вакили – Nvidia асосчиси ва бош директори Женсен Хуанг. У АҚШ делегациясига Air Force One самолёти Аляскадаги Анкориж аэропортида ёнилғи қуйиш учун тўхтаганида қўшилган. Аввалроқ CNBC Женсен Хуанг Хитой сафарига таклиф этилмагани ҳақида хабар берган, бироқ Трамп бу маълумотни рад этди ва Nvidia раҳбари делегацияга қўшилиши билан бу ҳақда Truth Social тармоғида маълум қилди. Хитойга, шунингдек, Goldman Sachs, Citigroup, Blackstone, GE Aerospace, Boeing ва Visa раҳбарлари ҳам борган.

Си Цзиньпин Трамп билан учрашувда Хитой ва АҚШ “рақиб эмас, балки шерик” бўлиши ва икки давлат ўртасидаги “янги давр” муносабатлари учун йўл очиши кераклигини айтган.

NBC қайд этишича, Трамп Си Цзиньпин билан учрашувдаги кириш сўзида Эрон ёки дунёдаги бошқа низоларни тилга олмаган.
“Хитой-Америка муносабатларидаги барқарорлик – бутун дунё учун фойдали”, дейди ўз навбатида ХХР раиси.
Трамп, шунингдек, Си Цзиньпин билан гонгконглик медиамагнат Жимми Лай ишини муҳокама қилмоқчи. Лай миллий хавфсизликни бузишда айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Гонгконг суди тадбиркорни хорижий фитналарнинг “илҳомлантирувчиси” ва ҳаракатлантирувчи кучи деб атаган. Жимми Лайнинг ўзи айбини тан олмайди ва ишини сиёсий деб ҳисоблайди.

Си Цзиньпин ўз кириш сўзида “Фукидид қопқони” – ҳукмрон давлат мавқеига бошқа жадал ўсиб бораётган давлат томонидан таҳдид солинадиган вазиятни ифодаловчи концепцияни тилга олган.
“Хитой ва Қўшма Штатлар “Фукидид қопқони” деб аталувчи тўсиқни енгиб ўтиб, йирик давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги моделини ярата оладими?” дея савол ташлаган Хитой етакчиси.

Си Цзиньпин учрашув давомида Трампни Тайвань масаласи АҚШ ва Хитой муносабатларидаги энг муҳим масала экани ва унга оқилона ёндашув мамлакатлар ўртасидаги барқарорликни кафолатлаши ҳақида огоҳлантирган. Бу масалани ҳал қилишда самарасиз ёндашув АҚШ ва Хитой ўртасида низоларни келтириб чиқаради, бу эса икки томонлама муносабатларнинг жиддий ёмонлашишига олиб келади ва мамлакатларни хавфли вазиятга тушириб қўяди, деб таъкидлайди Хитой етакчиси. У, шунингдек, “Тайвань мустақиллиги” ва “Тайвань бўғозидаги тинчлик” тушунчалари бир-бирига зид эканини айтган.

Икки томонлама учрашув якунлангач, етакчилар Осмон ибодатхонасига – XV асрга оид императорлик ибодатхоналар мажмуасига йўл олган. Бу ерда илгари яхши ҳосил олиш учун ритуаллар ўтказилган. Мажмуа осмон ва инсон ўртасидаги уйғунликни англатади.

NBC қайд этишича, Трамп 1975 йилдан бери бу ерга ташриф буюрган биринчи АҚШ Президенти бўлган. Ўшанда ибодатхонада Жеральд Форд бўлган эди.

Осмон ибодатхонасига ташрифдан сўнг давлат зиёфати бўлиб ўтади, эртага, 15 майда эса етакчилар чой устида ва ишчи тушликда норасмий музокаралар ўтказади, шундан сўнг Трамп Пекинни тарк этади.
Live
Барчаси