“Ялиниш ёки буйруқ?” Трамп Эронни Ҳормуз бўғозини ёпмасликка чақирди
Олам
−
10:36 11563 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп агар Эрон Ҳормуз бўғози орқали нефть ташишни тўсишда давом этса, мамлакатга нисбатан янада кучли зарбалар берилишини билдирди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
Унинг таъкидлашича, агар Эрон Ҳормуз бўғозида нефть оқимини тўсишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни амалга оширса, АҚШ Эронга ҳозиргача берилган зарбалардан йигирма баробар кучлироқ зарба беради.
Трамп шунингдек, АҚШ осон йўқ қилинадиган объектларнинг ҳам йўқ қилишини, бу эса Эроннинг давлат сифатида тикланишини деярли имконсиз қилиб қўйишини айтган. У “ўлим, олов ва ғазаб” Эрон устига тушишини таъкидлаб, бироқ бундай ҳолат юз бермаслигига умид қилишини ҳам қўшимча қилган.
АҚШ Президентининг айтишича, унинг бу баёноти Хитой ва Ҳормуз бўғозидан фаол фойдаланадиган бошқа давлатлар учун “совға” ҳисобланади.
Ўз навбатида, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакили генерал Сардар Наиний берган баёнотида Эрон АҚШ ва унинг иттифоқчиларига минтақадан бир литр ҳам нефть олиб чиқишга йўл қўймаслигини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, нефть ва газ нархларини пасайтириш ҳамда уларни назорат қилишга қаратилган барча уринишлар вақтинчалик ва самарасиз бўлади.
Наиний шунингдек, жанг майдонида ташаббус Эрон қўлида эканини ва уруш қачон тугашини Теҳроннинг ўзи ҳал қилишини таъкидлаган. У АҚШнинг Форс кўрфазидаги ҳарбий инфратузилмасининг катта қисми йўқ қилинганини, жумладан минтақадаги деярли ўнта замонавий радар тизими ҳамда қиммат дронлар Эрон ҳаво мудофааси томонидан йўқ қилинганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга қарши уруш режалаштирилган муддатдан тезроқ кечаётгани ва деярли якунланиш арафасида эканини билдирганди. Трампнинг таъкидлашича, Эроннинг на флоти, на алоқаси, на ҳарбий-ҳаво кучлари қолган, ракеталар эса жуда кам миқдорда қолган.
Live
Барчаси