World Athletics собиқ ходимларининг ўғриликлари фош этилди

Спорт

image

Жаҳон енгил атлетика федерацияси (World Athletics) ташкилотининг собиқ ходимлари бир неча йил давом этган “тизимли ўғрилик” схемаси доирасида тахминан 1,75 миллион доллар маблағни ўзлаштиргани маълум бўлди. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар берди.
 
Ташкилотнинг баёнотига кўра, ички текширув натижасида йиллар давомида амалга оширилган шубҳали молиявий операциялар аниқланган. Ҳолат юзасидан тўпланган маълумотлар Буюк Британия ва Монако ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган. (World Athletics штаб-квартираси ҳам айнан Монакода жойлашган.) Ходимлардан бири ўғрилик фош этилишидан олдин федерацияни тарк этган, яна бир ходим ва маслаҳатчининг эса ички текширув натижаларидан сўнг шартномалари бекор қилинган. Ҳозирча ҳар иккиси ҳам ОАВнинг сўровларига жавоб бермаган.

Жаҳон енгил атлетика федерацияси президенти Себастьян Коу бу ҳолатни кескин қоралаб, йўқотилган маблағларни қайтариш учун барча қонуний чоралар кўрилишини билдирган.

“Кўплаб ташкилотлар бундай ҳодисаларни яширишга ҳаракат қилади. Биз эса бошқачамиз. Шаффофлик ва ҳалолликни сақлаб қолиш биз учун устувор. Бу ноқулай бўлиши мумкин, аммо биз тўғри иш қилишни танлаймиз”, дейди Коу.

Маълумотларга кўра, ўғирланган пуллар World Athletics томонидан Париж-2024 Олимпиадасида олтин медаль эгалари учун тўланган 2,4 миллион долларлик мукофот пули миқдорининг ярмидан кўпроғига тенг.

Ташкилот ўтган ой 2024 йилдаги жами даромади 99,4 миллион долларни ташкил этганини эълон қилган. Бу кўрсаткич асосан Олимпиада ўйинлари ва трансляция ҳуқуқларидан тушган даромад эвазига ошган.

Маълумот учун, федерация 2026 йилда энгил атлетика бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказади. Турнирда умумий мукофот пули 10 миллион долларни ташкил этиб, ғолибларга 150 минг доллардан берилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон енгил атлетика федерацияси Себастьян Коу “тизимли ўғрилик”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар