Ўзингдан чиққан балога: Россиялик олим Путиндан овозини ўчиришни сўради
Олам
−
24 Июнь 2020
67421Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган давлатлар уни тарк этаётганда рус халқининг “совғалари” билан кетгани ҳақидаги иддаоси кескин муҳокамаларга сабаб бўлди.
РФ Президенти “Россия. Кремль. Путин” ҳужжатли фильми учун берган интервьюсида СССР таркибида бўлган давлатларнинг ерлари аслида Россияга тегишли бўлганига шама қилган.
Путиннинг ушбу иддаосига Россиялик таниқли олим, тарих фанлари доктори Сергей Абашин кескин эътироз билдирди. У “азалий ер” тушунчаси бўлмаслигини ва ҳудудлар халқлар ўртасида қўлдан-қўлга ўтиб туришини таъкидлади.
“Кимдир унга (Президент Путин назарда тутилмоқда – таҳр.) “азалий ерлар” бўлмаслигини тушунтирганда эди. Барча ҳудудларни тарихнинг турли даврида турфа қабила ва халқлар бир-бирининг ўрнини эгаллаш, кўчиш ва босиб олиш орқали забт этган. У “азалий” деб атаётган Московия, кейинроқ Рус империясининг ерлари ҳам қачондир босиб олинган ва мустамлакага айланган, маҳаллий аҳоли эса қириб ташланган, бўйсундирилган ёки ассимиляцияга учраган”, дейди Абашин.
Олим сўзида давом этиб, "рус халқи" ғояси XIX асрда пайдо бўлганини ва империянинг таназзулига олиб келганини айтган.
“Кимдир унга Россия империясининг ерлари “рус халқи”га тегишли эмаслигини, улар XVIII асрдан бери асли келиб чиқиши немис бўлган Романовлар оиласига тегишли бўлганини тушунтирганда эди. “Рус халқи” ғояси бу XIX асрда юзага келган ва империянинг қулаш омилларидан бири бўлган”, дейди олим.
Абашиннинг таъкидлашича, СССРнинг парчаланиши узоқ давом этган музокаралар маҳсули бўлган.
“Кимдир унга империянинг (СССР назарда тутилмоқда – таҳр.) миллий республикалар ва мухтор ўлкаларга бўлиниши “совға” эмас, балки мураккаб музокаралар ва ўзаро ён беришлар, манфаатлар мувозанатини тиклаш йўлидаги изланишлар маҳсулини эканини тушунтирганда эди. Ўшанда “русча” фикрлашдан йироқ бўлган марказ маҳаллий аҳоли кайфияти билан ҳисоблашишга мажбур бўлган ва бунинг эвазига муайян бонусларни қўлга киритган эди”, дейди Абашин.
Ва ниҳоят, тарихчи РФ Россия империяси ерларига ҳеч қандай шаклда даъво қилолмаслигини айтган ва Путинни эса тарихни шарманда қилишда айблаган.
“Кимдир унга ҳозирги Россия Федерацияси Россия Империясининг ерларига тарихий ёки юридик ҳуқуққа эга эмаслигини тушунтирганда эди. Бу ўзга ғоя, ўзга сиёсий тизим ва ўзга қонунийликка эга бошқа давлат. У тарих, мамлакат ва маданиятни шарманда қилиш ва зўрлашни тўхтатиши учун овозини ўчирганда эди”, дея надомад билан фикрларини билдирган олим.
Эслатиб ўтамиз, Дмитрий Песков Путиннинг айтганларига изоҳ бериб, Россия қўшниларига ҳудуд даъвоси билан чиқиш ниятида эмаслигини билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь