“Ўзгидромет” ходимларига қўшимча ҳақ тўланади
Жамият
−
24 Ноябрь 2020
5351Ўзбекистон Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.
Ҳужжат билан:
• 2020-2025 йилларда гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси ва уни 2020-2022 йилларда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”;
• Гидрометеорология хизмати маркази кузатув тармоғини кенгайтириш ва автоматлаштириш бўйича дастур;
• “Ўзгидромет”нинг ташкилий тузилмаси ва марказий аппаратининг тузилмаси;
• Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар гидрометеорология бошқармаларининг намунавий тузилмаси;
• Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти томонидан 2021-2023 йилларда ўтказиладиган илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари тасдиқланди.
“Norma”нинг ёзишича, “Ўзгидромет” гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади. У:
• а) Марказий Осиё давлатлари учун Жаҳон метеорология ташкилотининг Минтақавий ихтисослаштирилган метеорология маркази;
• б) Жаҳон метеорология ташкилоти Жаҳон об-ҳаво хизматининг гидрометеорологик маълумотларни тўплаш, ишлов бериш ва тарқатиш бўйича Минтақавий телекоммуникация маркази функцияларини бажаради.
“Ўзгидромет” ҳузуридаги “Метеоинфосистем” ахборот-техник бошқармаси негизида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси ташкил этилади. Унинг ходимларига “Ўзгидромет” ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тартиби қўлланилади.
“Ўзгидромет” тузилмасида:
• бош директорнинг ахборот технологияларини жорий этиш ва инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ҳамда бош директорнинг молия-хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари жорий этилади;
• Тошкент шаҳар гидрометеорология бошқармаси ташкил этилади.
2021 йил 1 январдан бошлаб:
а) “Ўзгидромет” ва Метеоинфоком ходимларининг лавозим маошларини ҳисоблашда ЯТС бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядлари учун белгиланган тариф коэффициенти 2 баравар оширилган ҳолда қўлланилади;
б) “Ўзгидромет” ва Метеоинфоком ходимларига соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун қуйидаги миқдорда ойлик устама ҳақ тўланади (белгиланган устамаларни ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):
• 2 йилдан 5 йилгача – 0,2;
• 5 йилдан 10 йилгача – 0,3;
• 10 йилдан 15 йилгача – 0,4;
• 15 йилдан 20 йилгача – 0,5;
• 20 йилдан 25 йилгача – 0,6;
• 25 йилдан ортиқ – 0,7.
Соҳада узоқ муддат хизмат қилганлик учун иш ҳақига устама ҳақ олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажини ҳисоблашда “Ўзгидромет” ва унинг тизим ташкилотларидаги иш стажи инобатга олинади.
Тошкент гидрометеорология коллежи негизида Тошкент гидрометеорология техникуми ташкил этилади, у “Ўзгидромет” тизимига ўтказилади. Техникум гидрометеорология соҳасида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича базавий ўқув муассасаси, метеорология, гидрология, гидрометеорологияда алоқа ва коммуникациялар соҳасида касб-ҳунар таълими бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш учун масъул ҳисобланади. Шунингдек, у Жаҳон метеорология ташкилотининг Минтақавий ўқув маркази функцияларини бажаради. Техникумда кадрлар тайёрлаш - давлат буюртмаси ва тўлов-шартнома асосида.
Шунингдек, техникумда ФВВ, Мудофаа вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзгидромет”да гидрометеорология, хавфли гидрометеорологик ҳодисалардан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш, авиацияга метеорологик хизмат кўрсатиш ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида фаолият юритувчи ходимларнинг малакаси оширилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь