“Ўзбеккосмос” далаларда сомонларнинг ноқонуний ёқиб юборилгани суратларини эълон қилди
Жамият
−
12 Июль
5229“Ўзбеккосмос” далаларда сомонларнинг ноқонуний ёқиб юборилгани суратларини эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича,“Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан 2024 йилнинг июль ойига қадар республикадаги жами 23 минг 273 гектарлик бошоқли дон экинларидан бўшаган ер майдонларида сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёниши билан боғлиқ 1 минг 960 та ҳолат аниқланган.
Ёнган майдонларнинг катта қисми қуйидаги ҳудудларда аниқланган. Тошкент вилоятида 9638 гектар (439 та ҳолат), Сурхондарё вилоятида 5007 гектар (562 та ҳолат), Самарқанд вилоятида 1711 гектар (191 та ҳолат), Наманган вилоятида 29 гектар (112 та ҳолат), Жиззах вилоятида 931 гектар (54 та ҳолат), Фарғона вилоятида 65 гектар (11 та ҳолат), Андижон вилоятида 3868 гектар (319 та ҳолат).
“Ўзбеккосмос” ғалладан бўшаган майдонларда сомон пояси ёқилишига йўл қўйган жавобгар шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиб, ерга ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарлар ҳам ҳисобланиб, тегишли тарзда ундириб олиниши белгиланганини эслатиб ўтди.
Маълумот учун, 1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганида, атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди (СО) гази тарқалади. Бу эса инсон организмида сил ва саратон касалликлари келиб чиқиши, атроф-муҳит ифлосланиб, тупроқ унумдорлиги пасайиши каби оқибатларга олиб келади.