Ўзбекистондаги чанг ҳавонинг асосий сабаблари айтилди

Бу қизиқ

image

Ўзбекистонда ҳавонинг чанг билан ифлосланиши табиий (қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар) ва антропоген (транспорт, саноат, қурилиш ташламалари) омилларга кўра ифлосланиш билан боғлиқ. Бу ҳақда мамлакат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, кучсиз шамоллар, ҳарорат инверсияси, атмосфера ҳавосининг турғунлиги каби сабаблар атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши учун шароит яратади. 

Вазирликка кўра, Ўзбекистоннинг табиий хусусиятлари (қуруқ иқлим, қумли ва гилли тупроқ) сабабли атмосфера ҳавосида муаллақ заррачалар – чанг миқдори юқоридир. 

“Бугунги кунда Жаҳон банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг ҳаво сифатини баҳолаш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасидаги ўрганишлар ҳамда дастлабки ҳисоботга асосан, Тошкент шаҳрида PM2.5 – майда дисперс заррачаларининг шаклланишида табиий чанг – 36 фоиз, иссиқлик таъминоти – 24 фоиз, транспорт воситалари – 16 фоиз, саноат корхоналари – 13 фоизни ташкил этиши кўрсатилган”, дейилади вазирлик баёнотида. 

Маълум қилинишича, бугун, 17 май куни соат 09:00 ҳолатига кўра, https://www.iqair.com сайтида атмосфера ҳавосидаги PM2.5 – майда дисперс заррачалари миқдори 66 мкг/м³ ни ташкил этган. 

“Сўнгги йилларда Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳавосининг пастки қатламида (100-150 метргача) ҳарорат инверсияси (ҳаво ҳароратининг баландликка қараб ортиб бориши) вужудга келиши кузатилмоқда. Ҳарорат инверсияси ҳавонинг вертикал ҳаракатларига тўсқинлик қилади, натижада майда заррачали PM2.5 – майда дисперс заррачалари концентрацияси ошиб боришига сабаб бўлади. 

Куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти тизимида ёқилғи сифатида кўмир ва мазутдан фойдаланиш натижасида доимий равишда узлуксиз майда заррачали PM2.5 – майда дисперс заррачалари концентрацияси ошиши ҳолати кузатилган эди. Баҳор ва ёз ойларида эса, асосан, ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлган кунларда, кўп ҳолатларда минтақага чўлланиш ва қурғоқчилик таъсирида табиий чанг кириб келиши оқибатида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси ошиши кузатилади. 

Бугунги кун ҳолатида эса мазкур ифлосланиш ёғингарчиликдан кейин ҳосил бўлган кам миқдордаги туман, шунингдек, конвекция жараёни, яъни нам ҳаво оқими кириб келишидан олдинги ҳавонинг пастдан юқорига кўтарилиши омили сабаб юз бераётганлигини кузатиш мумкин”, дейди вазирлик.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг