“Сен русларнинг қулисан”. ТИВ ҳақорат бўйича Москвага нота юборди (видео)
Жамият
−
03 Сентябрь 16261 2 дақиқа
Ўтган ойда интернетда бир россияликнинг бир фуқарони тинимсиз ҳақорат қилаётгани, унда икки марта Ўзбекистон номи тилга олиниб, ҳақоратланаётган ишчининг ўзбекистонликлигига ишора қилингани ва “сен русларнинг қулисан” деб таҳқирлангани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Мазкур ҳодиса ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов брифингда маълум қилди.
Билдирилишича, расмий нотада муҳокамаларга сабаб бўлган видеодаги шахсни аниқлаш ва унга нисбатан қонуний чоралар кўриш сўралган.
“Ҳурматли ватандошлар, сизларга яна бир бор эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, давлатимиз ҳимоясида ҳисобланади. Агар ҳуқуқ ва эркинликларингиз, қонуний манфаатларингиз ёки шаънингиз хорижда бузилса, дарҳол ўша мамлакатнинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, деди вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.
Қайд этиш жоиз, гап Москва вилоятининг Химки шаҳрида жойлашган “Солнечная система” номли тураржой мажмуасида содир бўлган воқеа ҳақида кетмоқда. Маълумотларга кўра, Россияга бориб, такси фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонлик Бахтиёр исмли ҳайдовчини ҳақоратлаётган шахс рус миллатига мансуб бўлиб, у жанжал чиқарган вақтида спиртли ичимлик таъсирида бўлган ва уй олдида тўхтаб, йўловчисини тушираётган такси ҳайдовчисини ҳақоратлай кетган. Ҳайдовчи эса унинг провакацияси қурбони бўлишни хоҳламай, унга босиқлик билан жавоб қайтарган. Маст эркак эса аввалига ўзининг Россиянинг Украинага босқинини хастпўшловчи “махсус ҳарбий операция” иштирокчиси эканини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган. Шунингдек, у ёнидан пичоқ чиқариб, ҳайдовчига ўқталган. Видеода ҳайдовчи босиқлик билан “пичоғингни ол” деяётганини эшитиш мумкин.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь