Ўзбекистонга нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келади
Жамият
−
11 Ноябрь
81762Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Ўзбекистон ҳудудларига нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳафтанинг бошида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради.
11-12 ноябрь кунлари республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Бухоро, Навоий вилоятларида ва республика жанубида 12 ноябрь куни кечга томон баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади. Бу кунларда ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди ва кечалари 2-7 даража, кундуз кунлари 12-15 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда 17 даража илиққача бўлади.
13 ноябрда Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келади. Республиканинг катта қисмида, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари барча ҳудудларда ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда эса ёмғир қорга айланади. Ҳаво ҳарорати кундузи 5-10 даража илиққача пасаяди.
13 ноябрь кечга томон ёмғир ёғиши деярли барча жойларда тўхтайди. 14-15 ноябрь кунлари республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийсида айрим жойларда 14 ноябрга ўтар кечаси бироз ёмғир ёғиши мумкин.
14-15 ноябрда ҳарорат кечалари 0-3 даража илиққача, баъзи жойларда 2 даража совуққача пасаяди, кундуз кунлари 14 ноябрда 5-10 даража, 15 ноябрда 8-13 даража илиқ атрофида бўлади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, 13 ноябрда баъзи жойларда 13-18 м/с гача кучаяди. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин.
Тошкент шаҳрида бугун ва эртага ёғингарчилик кутилмайди. 13 ноябрь куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, шамол 10-12 м/с гача кучаяди. 14-15 ноябрда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан 11-12 ноябрда кечалари 2-5 даража, кундуз кунлари 12-15 даража илиқ бўлади. 13 ноябрда кечаси ва кундузи 5-8 даража илиқ бўлади. 14-15 ноябрда кечалари 0-2 даража совуққача пасаяди, кундуз кунлари 8-11 даража илиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ноябрь ойида Ўзбекистонда қандай об-ҳаво бўлиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси