Ўзбекистонга 6 ойда қанча пул келиб тушгани маълум бўлди
Жамият
−
23 июл 10729 2 дақиқа
Жорий йилнинг 6 ойида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга 9,3 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган бўлса, 1,3 млрд доллар маблағ чиқиб кетган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган Ички валюта бозори шарҳида келтирилган.
Унга кўра, аҳоли томонидан тижорат банкларига 12,3 млрд доллар сотилиб, ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан қарийб 1,4 баробарга ошган (2025 йил январь-июнь – 9,1 млрд доллар). Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан 6,8 млрд доллар сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан 26 фоизга ўсган (2025 йилда – 5,4 млрд доллар). Натижада жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта таклифи ҳажми унга бўлган талаб ҳажмидан 5,5 млрд долларга ортиқ бўлган.
Шунингдек, 2026 йилнинг январь-июнь ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатга 9,3 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган бўлса, 1,3 млрд доллар маблағ чиқиб кетган. Шу орқали 8 млрд долларлик ижобий сальдо шаклланган.
Бундан ташқари, 2026 йилнинг I ярим йиллигида юридик шахсларнинг валюта таклифи, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши натижасида ички валюта бозорида валюта алмашув курси нисбатан барқарор шаклланган. Бунда миллий валюта айирбошлаш курси 11 935 – 12 320 сўм/АҚШ доллари диапазонида тебраниб, ҳисобот даври якунлари бўйича 12 009 сўм/АҚШ долларни ташкил этган ҳолда йил бошига нисбатан ўзгаришсиз қолган. 2026 йилнинг январь-июнь ойлари давомида алмашув курсининг кунлик икки томонлама тебранувчанлиги 30,2 сўмгача ошган (ўтган йилнинг мос даврида – 22,7 сўм).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари орқали келиб тушган маблағлар ҳажми 13 фоизга ошиб, 3,8 млрд долларни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси