Ўзбекистонда прокурорлар ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилади
Жамият
−
30 Июнь 2020
9196Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев судларда прокурорлар ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартибни жорий этиш таклифини билдирди. Давлат раҳбари бу ҳақда бугун, 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида гапирган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Президентнинг қайд этишича, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, лекин ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган.
“Бундан буён тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан (2 ойдан 6 ойгача), ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозим”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Президент Мирзиёев 2019 йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантириш зарурлигини таъкидлаганди.
Судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, тергов-суриштирув жараёнида ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш, адвокатура институтини такомиллаштиришга оид долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди. Ўшанда давлат раҳбари Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилиши ҳақида гапирганди.
"Шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилади. Бундай муҳим ўзгариш ҳам бизнинг тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда.
Сир эмас, илгари прокуратура идоралари ниҳоятда ёпиқ, назоратдан холи бир органга, таъбир жоиз бўлса, охирги инстанцияга айланиб қолган эди. Бунинг оқибатида қанча-қанча одамлар ноҳақ жабр чеккани, адолатсизликка дучор бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Қанчалик оғир ва нохуш бўлмасин, биз шу ҳақиқатни тан олиб, бу соҳада қонунийлик ва адолатни қарор топтиришга киришдик.
Ишонаманки, прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш бўйича ривожланган демократик мамлакатларда амал қиладиган бундай тажрибани жорий этиш ҳаётимизда адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлади", деган эди Президент.
LiveБарчаси