Ўзбекистонда қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилади
Жамият
−
07 Апрель 2021
5976Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқмоқда. Қонун 14 та моддадан иборат бўлиб, 11 та қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳозирги пайтда амалдаги “Қурол тўғрисида”ги Қонунда фуқаролик ва хизмат қуроли ҳамда ўқ-дорилар соҳасида лицензиялаш ва рухсатнома бериш ваколати Миллий гвардия органларига юклатилган.
Бироқ фуқаролик ва хизмат қуроли ҳамда ўқ-дориларни сақлаш қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат, аниқланган қоидабузарликлар бўйича чора кўриш эса ички ишлар органларига юклатилган.
Хорижий давлатларда қурол муомаласи соҳасидаги муносабатлар, яъни лицензиялаш ва рухсатнома бериш ҳамда уларнинг талабларига риоя этилишини назорат қилиш ваколати ягона давлат органига топширилган.
Шу сабабли Республикада ҳам қурол соҳасида лицензия ва рухсатнома бериш ҳамда назорат қилиш функцияларини ягона давлат органига ўтказиш зарурияти мавжуд.
Шунингдек, “Қурол тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан сўнг ўқотар қуролдан ташқари пневматик, газли, сигнал берувчи, тиғли, улоқтириш қуроли ва электрошок қурилмаларига эгалик қилишга рухсат берилган.
Бироқ ўқотар бўлмаган юқорида кўрсатилган қуролларга ноқонуний эгалик қилиш учун эса қонунчиликда жавобгарлик мавжуд эмас.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида фақатгина ўқотар қуролни сақлаш қоидаларига риоя қилмаслик
ва ноқонуний эгалик қилиш учун жавобгарлик белгиланган, холос.
Хабарда қайд этилишича, ўтган 2020 йилда ўқотар бўлмаган қуролга рухсатномасиз эгалик қилиш билан боғлиқ аниқланган 2174 та ҳолат бўйича шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш учун ҳуқуқий асос бўлмаган. Бу эса ўқотар бўлмаган қуроллар билан фуқаролар ўртасида “эркин муомала қилиш” вазиятини шаклланишига имкон яратмоқда.
Содда қилиб айтганда, ўқотар бўлмаган қуролга ноқонуний эгалик қилиш, яъни уйда сақлаш, кўча-кўйда олиб юриш, таълим муассасаларига олиб бориш ва ҳоказо ҳолатларда қурол эгаси ундан турли жиноий мақсадларда фойдаланмаслигига “кафолат” йўқ.
Шу сабабли қонунчиликдаги ушбу “ҳуқуқий бўшлиқ”ни тўлдириш мақсадида қўйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда:
биринчидан, қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласини давлат томонидан тартибга солиш ва назоратни амалга ошириш функцияларини Миллий гвардиядан ички ишлар органларига ўтказиш;
иккинчидан, ўқотар бўлмаган қурол билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузиш учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик назарда тутиш;
учинчидан, қонунлардаги мавжуд тушунчалар, қурол турлари ва уларнинг ҳуқуқий ҳолатини “Қурол тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштириш.
Мазкур Қонун Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари ҳамда қўмита таркибидаги экспертлар гуруҳи томонидан ўрганилмоқда.
LiveБарчаси