Ўзбекистонда қурол олиб юришга рухсат берилди, фақат...
Жамият
−
16 Декабрь 2022
60567Эндиликда фуқаролар барча турдаги пневматик қуролларни Ички ишлар органлари рухсати билан олиб юриши мумкин. Бу ҳақда кеча, 15 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Даврон Қосимов маълум қилди.
“Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан 2022 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинган. Ушбу Қонунда барча турдаги пневматик қуролларни ички ишлар органлари рухсати билан олиш ва олиб юриш тартиби белгиланган. Бундан олдинги тартибда қуролни олиб юришга нисбатан айрим чекловлар мавжуд эди. Жумладан, ўлчами фақатгина 4,5 миллиметр ва 7,5 жоулдан юқори бўлган қуролларга нисбатан чеклов ўрнатилганди. Эндиликда эса ички ишлар органи рухсати билан барча турдаги пневматик қуролларни олиб юришга рухсат берилади”, дейди Даврон Қосимов.
Қонунчиликка киритилган янги ўзгартишга кўра, бундан буён фуқароларга барча турдаги калта стволли пневматик қуролларга эгалик қилиш тақиқланган.
“Барча турдаги калта стволли пневматик қуролларга чеклов ўрнатилди. Яъни, бундай қуролларга фуқаролар томонидан эгалик қилиш тақиқланади”, дея огоҳлантирмоқда ЖТСББ бошлиғи.
Бироқ, бундай турдаги қуролнинг спорт объектларида сақланиши ва ундан фойдаланиш мустаснодир.
“Бундан ташқари, ов қуролига эгалик қилиш ёши ўзгартирилди. Аввалги тартибга кўра, 21 ёшга тўлган фуқаро ов қуролига эгалик қила оларди. Энди ёш чегараси 25 ёшга ўзгарди”, дея қўшимча қилди вазирлик масъули Қосимов.
Унинг сўзларига кўра, қуролга эгалик қилишнинг тиббий чекловлари ҳам жорий этилган. Қолаверса, ярим автоматик қуролларнинг ҳамда барабан қисми тўрт донадан ортиқ бўлган ов қуролларига эгалик қилиш тартиби ўзгартирилиб, тажриба муддати 10 йилгача қилиб белгиланган.
Шунингдек, агар фуқаро судланган бўлса, унинг содир этган жиноят турига қараб 10 йилгача қуролга эгалик қилишга чеклов ўрнатилиши мумкин.
Маълумот учун, биттадан ортиқ ҳар бир сойли стволли ўқотар ов қуролига, пневматик ов қуролига ва силлиқ стволли ўқотар ов қуролига эгалик қилганлик учун ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (300 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Озода Чориева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь