Ўзбекистонда ишсизлик даражаси маълум қилинди

Жамият

image

Кеча, 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жорий йил ўтган даврида амалга оширган ишлари ҳақидаги ҳисоботи ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш борасида олиб бораётган ишлари ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Хусусан шу йилнинг ўтган 8 ойи давомида республика бўйича 173,6 минг иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, амалда 213 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган, бу прогнозга нисбатан – 122,8 фоизни ташкил этади.

Айни пайтда мамлакатда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этган ҳолда, бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси (9,3 фоиз), Андижон (9,3 фоиз), Қашқадарё (9,4 фоиз), Жиззах (9,3 фоиз), Самарқанд (9,3 фоиз), Фарғона (9,4 фоиз) вилоятларида республика кўрсаткичидан юқори бўлиб, ушбу ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари яратиш борасидаги ишлар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Парламент аъзолари аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича кўрсатилаётган хизматларга ҳам эътибор қаратдилар. Жорий йилда меҳнат органлари томонидан 526 мингдан ортиқ шахсга хизмат кўрсатилган, бу 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ортган, лекин депутатлар бандлик органларига мурожаат қилувчиларнинг неча фоизининг хоҳиш ва истаклари қондирилгани, қанча аҳоли мурожаатлари ижро этилмагани билан қизиқди.

Шунингдек, жорий йилда илк бор меҳнат бозорига ҳам субсидия ва грант бериш тартиби жорий этилган. Ҳозирги кунда жами 6,3 миллиард сўм миқдорида иш берувчиларга, ишсиз фуқароларга, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига ва томорқа ер эгаларига субсидиялар берилган. Натижада 6 минг 346 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланган ҳамда 250 миллион сўм ажратилган грант маблағлари эвазига 246 нафар ишсиз фуқаро касбга ўқитилган.

Йиғилишда депутатлар вазирлик томонидан ўз-ўзини банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш ва меҳнат стажи юритилишини таъминлаш, Давлат солиқ органлари билан ҳамкорликда яширин иш ўринларини легаллаштириб, расмий секторга ўтказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, йиғилишда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директорининг фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ахбороти ҳам эшитилди.

Маълумотларга кўра, 2,6 миллион нафар киши хорижий мамлакатларга ишлаш учун чиқиб кетган. Депутатлар томонидан мазкур йўналишда юқори кўрсаткич қайд этилган ҳудудларда, хусусан, Андижон, Самарқанд, Наманган каби айрим вилоятларда олиб борилаётган ижобий ишлар билан бирга, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланилмаётгани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Вазирлик томонидан “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганидан сўнг Япония, Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ташқи миграция соҳасида битимлар тузилган. 85 та хусусий бандлик агентлиги томонидан 34,3 минг фуқарога миграцияси соҳасида хизматлар кўрсатилган, 2,8 минг фуқаро Россия, Корея, Туркия, Болгария, Польша, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларга ишга юборилган.

Шу билан бирга, ўтган вақт давомида Меҳнат вазирлиги ва агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан фуқароларнинг салбий мурожаатлари ҳам келиб тушган. Жумладан, хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга ишга жойлаштириш хизмати кўрсатилмаган бўлса-да, фуқаро томонидан тўланган маблағларни қайтариб бермаслиги ёки ушбу маблағларни қайтаришда муайян бир қисмини ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилган. Натижада махсус рухсатнома асосида 8 та хусусий бандлик агентлигида текшириш ўтказилиб, улар фаолияти атрофлича ўрганилган ва мурожаатлар қаноатлантирилган.

Йиғилишда депутатлар соҳада юзага келаётган тизимли муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиб, уларни тезкорлик билан бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш юзасидан ҳукумат вакилларига таклифлар киритди. Ягона миллий меҳнат тизими ахборот дастурини ишга тушириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қайтган меҳнат мигрантларни ишга жойлаштириш, бепул касбга ўқитиш, оилаларни ижтимоий муҳофазалаш масалаларига оид таклифлар шулар жумласидан.

Депутатлар вазирлик, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан олиб борилаётган ишларни танқидий кўриб чиқиб, бу борада қамров ва самарадорликни ошириш борасида тегишли тавсиялар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Олий Мажлис ишсизлик

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг